French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юкланмоқда – вазир
09:16 / 2022-07-22

Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов раҳбарлигида соҳа масъуллари, олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, профессионал таълим бошқармалари бошлиқлари иштирокида 2022/2023 ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этишга оид кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Унда янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонларни шаффоф ўтказиш бўйича 46 та олий таълим муассасасининг тайёргарлик ҳолатига эътибор қаратилди. Ўтган ўқув йилидаги камчиликларни такрорламаслик учун ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари масъулият билан ёндашиши зарурлиги таъкидланди. 

Ажратилган бино ва аудиториялар сифатли видеоёзув жиҳозлари билан таъминланиши, жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши, имтиҳон натижаларини ўз вақтида расмий манбалар орқали эълон қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, имтиҳон жараёнларини кузатиш учун келган ота-оналар ва комиссия аъзоларига зарур шароит яратиш борасидаги ташкилий масалалар ҳам батафсил муҳокама этилди.  

Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала магистратурага қабулни ташкил этиш бўлди. Бунда келиб тушган 4 минг 332 та аризанинг 1 минг 282 таси талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳолларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтилди. 

Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай, ҳамон аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинди. Бу ўз навбатида, магистратурага кириш истагида бўлган абитуриентларнинг асосли норозиликларини келтириб чиқараётгани қайд этилди. 

Масъулларга барча имкониятларни ишга солган ҳолда қисқа вақт ичида битирувчилар дипломларини расмийлаштиришни якунига етказиш ва қатъий назорат олиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Шу билан бирга иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинди. Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилди.

Яна бир муҳим масала – техникум битирувчиларини суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида сўз юритилди. ОТМ ректорларига ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар топширилди. 

Aфсуски, сўнгги кунларда талабалар ва уларнинг ота-оналари учун  етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли талабалар томонидан белгиланган тартибларни тушунмасдан ҳужжат топширишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. ОТМ ректорларига ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Вазир йиғилишда, шунингдек, ОТМда энергия тежамкорлиги, тўлов-контракт миқдорларини белгилаш, мурожаатлар билан ишлаш, call-марказлар фаолиятини тўғри ташкил этиш каби масалаларда ОТМ ректорларининг шахсий масъулиятини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда юқорида кўтарилган бир қатор масалалар юзасидан олий таълим муассасалари ректорларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. 


Н.Усмонова, ЎзА