Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2021-2022 ўқув йили учун магистратура мутахассисликларига ҳужжат топширган абитуриентларга мутахассислик фанлардан имтиҳонлар бошланди.
Олийгоҳда умумий 22 та магистратура мутахассислигига давлат буюртмаси параметрлари асосида жами 110 ўрин, шу жумладан давлат гранти асосида 55 та ва тўлов-контракт асосида 55 та ўрин ажратилган.
Имтиҳонлар санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилиб, шу йилнинг 17 август кунигача тасдиқланган жадвал асосида кунига 2 сменада – биринчи смена 09:00 – 11:30 оралиғида, иккинчи смена 15:00 – 17:30 оралиғида институт бош биносида давом этади.

– Институтнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти бакалавр таълим йўналишини намунали тамомлаб, Мўйноқ туманидаги 9-сон умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаяпман, – дейди Азамат Нуратдинов. – Она тилимизнинг ривожланиш тенденцияларини илмий асосда ўрганиш, бу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида магистратура мутахассислигига ҳужжат топширдим.
Ўтказилаётган имтиҳонларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида хоҳловчиларнинг жараённи онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти яратилган.

Маълумот учун, мутахассислик фанлардан ўтказилаётган имтиҳонларнинг натижалари институтнинг расмий веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида эълон қилинади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА