Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Магистрал газ қувурлари муҳофаза ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар сони 29 тага камайтирилди
17:39 / 2025-07-04

Бугун АОКАда ташкил этилган брифингда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти департаменти бошлиғи Ўткир Нуриддинов томонидан магистрал газ қувурлари муҳофаза ҳудудларида 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Унда таъкидланишича, магистрал газ қувурлари хавфлилик даражаси юқори бўлган муҳандислик иншоотлари ҳисобланади. “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан хизмат кўрсатиладиган 13 минг километрдан ортиқ магистрал газ қувурларининг ҳар икки томонида қувур диаметрига мутаносиб равишда муҳофаза зоналари белгиланган. Бундай ҳудудларда қурилмаларнинг бўлиши хавфлидир. 

Мутахассислар томонидан бундай иншоотларни хавфсиз жойларга кўчириш мақсадида жамият масъуллари ва тармоқ қувур назоратчилари иштирокида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, магистрал газ қувурлари ва тармоқларининг муҳофаза ҳудудида жами 2 885 та қурилма мавжуд бўлган. Жорий йил 1 июль ҳолатига келиб, ушбу қурилмалар сонини 29 тага камайтиришга эришилди. 

Шунингдек, тадбирда ҳозирги кунда магистрал газ қувурлари ва тармоқларининг муҳофаза ҳудудида жами 2 856 та қурилма мавжуд бўлиб, шуларнинг 2 498 таси аҳоли хонадони, 239 таси нотурар бино ва иншоот, 77 таси иссиқхона, 32 таси ишлаб чиқариш объекти ҳамда 10 таси фермер хўжаликларига тегишли бинолардан иборат экани маълум қилинди. 

Шулардан 727 та қурилманинг кадастр ҳужжатлари мавжуд. 1 390 та қурилма бўйича судларга мурожаат қилинган бўлиб, шулардан 1 050 тасига ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Қолган 1 466 та қурилма юзасидан судга бериш учун ҳужжатлар жамланмоқда. 

– Жорий йилнинг 6 ойи давомида “Ўзтрансгаз” АЖ мутахассислари ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширган ишлар натижасида муҳофаза ҳудудидаги қурилмалар сони 29 тага камайтирилди. Хусусан, 18 та қурилма фуқароларнинг ўз ташаббуси билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Қолган 11 та қурилма эса “ДБСТ” магистрал газ қувурининг II синфга ўтказилиши натижасида муҳофаза ҳудудидан чиқарилди. Қурилиш ишларининг олдини олиш, шунингдек, аҳолини хабардор қилиш мақсадида ташкилотимиз томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали 21 марта чиқиш қилинди, аҳоли ва тадбиркорлар иштирокида 10 марта учрашув ўтказилди. Шунингдек, 2 900 га яқин қурилма эгасига огоҳлантирувчи хатлар тарқатилди, 2 500 тадан ортиқ ер эгасига расмий хатлар юборилди ҳамда 198 та мурожаат маҳаллий давлат органларига тақдим этилди, – деди Ў.Нуриддинов. 

Тадбирда 2025 йил 27 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат архитектура назоратини амалга оширишнинг янги механизмини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучга киргани айтиб ўтилди. Унга кўра, шаҳарсозлик қонунчилигига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, коммуникация тармоқлари муҳофаза ҳудудларида келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тартибга солиш механизмлари кўзда тутилган. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА