Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МАГАТЭ: Эрон ядро дастурини ҳарбий йўл билан тўхтатиб бўлмайди
11:57 / 2025-07-10

Эронда ядровий дастур амалга оширилиши жараёнини ҳарбий йўл билан тўхтатиб бўлмайди, деди МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Польшадаги “Rzeczpospolita” ҳафталик нашрига берган интервьюсида.

– Эрон жиддий иқтисодиёт, кучли саноат салоҳияти ва техник имкониятга эга йирик давлат, – деган у. – Бу омилларни ҳарбий босим билан бартараф этиб бўлмайди. Улар ҳар доим ниманидир яшира олади. Шу боис муаммони ҳеч қачон куч билан ҳал қилолмаймиз. Аксинча, мақсадга фақат барча асосий масалаларни қамраб оладиган келишув орқалигина эришиш мумкин. Биринчи навбатда ўта қатъий назорат тизими зарур.

Мулозим эслатишича, МАГАТЭ Ислом давлатининг ядро қуролига эгалиги бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмас:

– 12 кунлик уруш олдидан тайёрлаган ҳисоботда Эрон ядровий дастур билан боғлиқ кўплаб ҳаракатлари ҳақида хабар бермаётганини таъкидлагандик. Бинобарин, эронликлар “аллақачон ядро қуролига эга эканлиги ҳақида ишончли далилларга ҳам эга эмасмиз. Агентликда мавжуд маълумотга кўра, Эрон ҳали ядровий қурол ишлаб чиқариш бўйича муайян технология манипуляцияси амалиётини бошламаган. Масалан, бойитилган уранни металлга айлантириш жараёни. Иккинчидан, бир вақтнинг ўзида ядровий каллакка сиғадиган даражада кичик ўт олдириш тизими мажмуасини яратиш керак. Шунинг учун ҳам ядро ракеталари яратган давлатлар доим ўз махсус синовини ўтказади.

Бир журналист “Германия бир неча ой ичида ўз ядро қуролини ярата оладими?” дея савол берди. Гросси ушбу саволга шундай жавоб берди:

– Германияда зарур технология ва ядровий материал мавжуд. ГФР бу ишни қандай қилишни ҳам билади, лекин бу фикрлар фақат фараз ва тахмин. Европанинг барча давлатлари ядро қуролига эга бўладиган дунё фалокатга гирифтор!

С.Раҳимов, ЎзА