Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мафтункор ранглар жилоси”дан куч олган истеъдодлар
12:35 / 2024-09-20

Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш ва амалда таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида “Адлия ёшларга кўмакдош!” шиори остида кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда. 

Уч кунга мўлжалланган тадбирларнинг биринчи кунида ёшлар адлия идораларига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан танишган бўлса, иккинчи куни Нукус шаҳридаги Моно марказда “Адлия сайли” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.

Учинчи кун эса “Мафтункор ранглар жилоси” кўргазмаси ташкил этилди.

Айтиб ўтиш керакки, инсон ҳамиша жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Бунинг учун интилиш, изланиш, сабот, масъулият зарур.  Имконияти чекланган инсонларга эса бу хислатлар икки ҳисса кўпроқ керак. “Мафтункор ранглар жилоси” кўргазмаси ана шундай инсонларни кашф этиш ва рағбатлантиришга қаратилган.

Мазкур кўргазма мунтазам равишда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Бадиий академия билан ҳамкорликда “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида  ташкил этилган бу сафарги кўрик-танловда 15 нафар ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари, 17 та туман ва шаҳарлардаги Ногиронлар жамияти бўлимларининг ҳунармандлари, спортчилар ва бошқа ёшлар иштирок этди.

Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев ҳар бир иштирокчининг ижод намуналарини алоҳида эътироф этар экан, мазкур хайрли ташаббус ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда рағбатлантириб бориш мақсадида ўтказиб келинаётганини таъкидлади. Бу ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, доим олдинга интилиши ва ўзларига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.  

Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим, илм-фан, техника, санъат ва спорт билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Чунки шу орқали улар ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида тасаввур этади, ўз кечинмаларини, интеллектуал салоҳиятини, жисмоний куч ва ғайратини намойиш қилади.  

Тадбирда ана шундай катта куч, ирода, меҳнат билан яратилган  ижод намуналари кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Болаларнинг рассомлик ва шахмат борасидаги маҳоратлари яна бир бор синовдан ўтказилди.

Болалар оқ қоғозларга ҳаётга бўлган ишончини, умидини, келажакдаги орзуларини ёрқин рангларда акс эттирди. Уларнинг нозик қалбини акс эттирган суратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган болалар ўз қўллари бири яратган ҳунармандлик маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Ҳунармандларнинг маҳсулотлари ярмаркаси, болалар концерт дастурлари, мультфильм қаҳрамонлари иштирокида турли намойишлар ва спорт тадбирлари бўлиб ўтди. Бу болажонларга янаям катта завқ, кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбир иштирокчилари қимматбаҳо совғалар, медаль ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Адлия вазири ўринбосари Ш.Рабиев Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети ёшлари билан ҳам учрашди. Раҳбар ва ёшлар учрашувида ёшларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўз борди.

Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.  Тизимда ўз фаолиятини олиб бораётган ёшларнинг мулоҳазалари ҳам тингланди. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, турли ғоя ва стартап лойиҳалар борасидаги таклифлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, тадбир давомида қонунчилик ҳужжатларидаги ёшларга берилаётган имконият ва енгилликлар ҳақида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилди.

Қорақалпоғистонда шу кунларда бўлиб ўтаётган тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий маданияти, билим ва кўникмалари янада ошиши, юрт тараққиётига дахлдорлик туйғуси кучайиши, ватанпарварлиги ортишига  хизмат қилади.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА