French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мафтунанинг ҳам хизматлари эътибордан четда қолмади
12:17 / 2026-02-20

Юртимизда хотин-қизларнинг илм-фан, таълим ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу йўлда юксак билим, фидойилик ва ташаббускорлик билан намуна бўлаётган ёшлар давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Ана шундай эътирофларнинг энг нуфузлиларидан бири — “Зулфия” давлат мукофотидир. Ушбу мукофот нафақат ютуқ, балки катта ишонч ва юксак масъулият тимсолидир.

2025 йилда ушбу мукофотга сазовор бўлганлар сафида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилиб, илм йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келаётган педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мафтуна Ғаниева ҳам бор. Унинг бу ютуғи — йиллар давомидаги изланиш, сабр ва қатъият самарасидир.

1997 йилда хизматчи оиласида дунёга келган Мафтуна болалигидан билимга чанқоқ, изланувчан ва фаол бўлиб вояга етди. Мактаб йилларидаёқ фан олимпиадаларида қатнашиб, туман ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни қўлга киритди. 2013 йилда мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, кейинчалик коллежда ҳам намунали ва фаол талабалардан бири бўлди.

–  Биласизми, 2016 йил мен учун омадли йил бўлди. Ўша йили Гулистон давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Ўша пайтда ўзимни жуда бахтли ва масрур ҳис қилгандим. Чунки болаликдан орзу қилиб келган ниятим сари илк қадамни қўйгандим, –  дейди у.

Талабалик йиллари у учун унутилмас хотираларга бой бўлди. Тинимсиз ўқиш, изланиш, устозлар маслаҳати ва яқинлар қўллаб-қуввати натижасида 20 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва халқаро миқёсдаги илмий-оммабоп журналларда нашр этилди. Бу эса унинг танлаган соҳасида етук мутахассис бўлиш масъулиятини янада оширди.

2020 йилда университетни имтиёзли диплом билан тамомлаб, магистратура босқичида таҳсилни давом эттирди. Илмий изланишларини изчил равишда олиб бориб, бошланғич таълим соҳасида ихтирочиликка оид топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш бўйича диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Кейинчалик таянч докторантурада таҳсил олиб, 2025 йилда “Бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг ўқувчиларни мантиқий фикрлашга методик тайёргарлигини такомиллаштириш” мавзусидаги илмий ишини 100 фоиз овоз билан ҳимоя қилди ва педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.

–  Бугунги кунга қадар 70 дан ортиқ илмий мақола ва тезисларим, 2 та ўқув қўлланмам, 6 та монографиям нашр этилди, –  дейди ёш олима камтарона.

Айни вақтда у Инновацион Технологиялар Университетида фаолият олиб бориши билан биргаликда, олий таълим тизимида бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини   мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган илмий тадқиқотлар устида иш олиб бормоқда.

Ёш бўлишига қарамай, унинг хизматлари эътибордан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ  “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

–  “Зулфия” давлат мукофоти — бу шунчаки мукофот эмас. Бу — ишонч, эътироф ва юксак баҳодан ташқари, янада масъулиятли бўлишга чорловдир. Илм — бу узлуксиз изланиш. Агар изланишдан тўхтасак, ривожланиш ҳам тўхтайди. Мен ҳар бир қиз илм олиши, ўз салоҳиятини намоён этиши ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин деб ҳисоблайман, –  дейди Мафтуна Ғаниева.

[gallery-27767]

У нафақат олима ва педагог, балки меҳрибон она ҳамдир. Уч нафар фарзанд тарбиясини илм билан уйғун олиб бориши унинг матонати ва иродасини янада ёрқин намоён этади. Унинг ҳаёт йўли шуни кўрсатадики, аёлнинг имконияти чекланмаган, билим ва интилиш уни юксак марраларга етаклай олади.

Боёвутлик ёш олиманинг “Зулфия” мукофотига сазовор бўлиши — бу нафақат бир шахснинг ютуғи, балки юртимизда илм-фанга, айниқса, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятига қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир. Унинг муваффақияти кўплаб қизлар учун илҳом манбаи бўлиб, “орзу қил ва ҳаракат қил” деган ҳаётий шиорнинг ёрқин тасдиғига айланди.

Ғулом Примов, Достон Қаландаров (сурат), ЎзА