Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мадрид ярим миллион муҳожирга қонуний мақом бермоқчи
13:25 / 2026-01-28

Испания ҳукуматида мамлакатда ноқонуний яшаб келаётган қарийб ярим миллион муҳожирга қонуний мақом беришни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси муҳокама қилиняпти. Социалистлар етакчилигидаги ҳукумат бу қадамни меҳнат бозорига муҳожирларни фаол интеграция қилиш орқали иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш зарурати билан изоҳламоқда. Европанинг кўплаб давлатлари иммиграцияни чеклаётган бир пайт, бундай ёндашув билан Испания алоҳида йўл танлаганини кўрсатмоқда.

Миграция вазири Эльма Саиз 2025 йил охиригача камида беш ой Испанияда яшаган, судланмаган ва йил охиригача бошпана сўраб мурожаат қилган шахслар соддалаштирилган тартибда яшаш рухсатномаси олиши мумкинлигини эълон қилди. Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, бу чора асосан Лотин Америкаси давлатларидан келган 500 000 га яқин киши фойдасига ишлайди. Рухсатнома катталар учун бир йилга, болалар учун беш йилга берилади ва кейинчалик узайтирилиши мумкин.

Расмийлар сўнгги йиллардаги кучли иқтисодий ўсишни таъминлаш, ишсизликни камайтиришга муҳожирлар салмоқли ҳисса қўшганини таъкидламоқда. Айниқса, меҳмонхона хизмати ва парвариш соҳаларида хорижий ишчи кучига талаб юқори.

Таҳлил марказлари маълумотига кўра, ўтган йил бошида Испанияда ҳужжатсиз муҳожирлар сони 800 000 дан ошган. Бу 8 йил аввалги кўрсаткичдан жуда кўп.

Янги қарор ҳукумат томонидан парламент розилигисиз ҳам амалга киритилиши эҳтимоли сиёсий баҳсни кучайтириши кутиляпти. Мухолифат томонидан кескин танқидга учраётган мазкур сиёсат,агар ҳокимият алмашса, бекор қилиниши мумкин. Шунга қарамай, Мадрид ўз позициясини аниқ белгилади: муҳожирларни чеклаш эмас, балки қонуний ва иқтисодий жиҳатдан фойдали тизимга қўшиш керак.

Мусулмон Зиё, ЎзА