Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети учинчи босқич талабаси Мадина Саматбоева Қозоғистонда бўлиб ўтган «Энг ёш олим – 2021» нуфузли халқаро танловида олтин медаль соҳиби бўлди.
Халқаро танловда МДҲ давлатларидан 200 нафардан ортиқ иқтидорли талаба иштирок этди.
— Мазкур халқаро танловда ғолибликка даъвогарлар кўп эди, – дейди Мадина. – Уларнинг барчасини ушбу мукофотга лойиқ, деб ҳисоблайман. Инглиз, рус ва қозоқ тилларида қабул қилинган илмий мақолалар юқори тоифали илм соҳиблари томонидан текширилди ва муносиблар эътироф этилди. Танловда хорижий тилларни билиш ҳам инобатга олинди. Илм бу – мураккаб йўлдир. Устозим, филология фанлари доктори, профессор Абдулҳай Собиров айтганларидек, «Энг муҳими, илм йўлида янги қадам босишдан, янги фикрни – ўз фикрингни айтишдан қўрқма. Илм бу – сенинг ҳаётинг». Мен янги мақола устида ишлаганимда, китоб варақлай бошлаганимда биринчи бўлиб устозимнинг шу гапларини эслайман. Бу эса менга ўзгача куч бағишлайди.
Шу кунга қадар М.Саматбоеванинг 40 га яқин илмий мақолалари халқаро ва республика нашрларида эълон қилинган, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. Мадина халқаро доирада ташкил этилган 10 дан ортиқ лойиҳалар иштирокчиси. АҚШда чоп этилган халқаро ижодкор ёшлар тўпламидан унинг ҳам ижод намуналари жой олган.
Д.Маматова, ЎзА