Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси мамлакатимиз суверенитетининг рамзларидан биридир. 1992 йил 10 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.
Қонунда мадҳиямизга ҳурмат ва эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи экани белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Давлат мадҳиясини биргаликда ижро этамиз!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Академия жамоаси Ватанимизнинг бош қўшиғи – эрк ва озодлик, она-диёримиз тараннум этилган бу гўзал ва эъзозли қўшиқни биргаликда ижро этди.

Маълумки, Давлат мадҳиясининг муаллифи – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби, атоқли бастакор Мутал Бурхонов яратган.
Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Академия ректори, таниқли олим Музаффар Комилов давлат рамзлари инсонда ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, шу азиз юртимизни жону дилдан севишга ундовчи муҳим восита эканини эътироф этди.
Мазкур тадбирнинг мақсади ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга ҳурмат туйғуларини янада кучайтириш, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида мадҳиямиз муҳим тарбиявий восита эканини тарғиб этишдан иборат экани таъкидланди.
Айтиш керакки, бугун кун давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишлаб Академия профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирокида спорт тадбирлари ўтказилади.
Н.Усмонова,
ЎзА