“Made in Uzbekistan” маҳсулотлари Туркия ва Хитой маҳсулотлари билан рақобатлаша оладими?
Расмий маълумотга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда икки баробар ошган.
“CA-News” янгиликлар хизмати порталида шу мавзуда берилган мақолада “Сўнгги йилларда “Made in Uzbekistan” маҳсулотлари турк ва хитой маҳсулотлари билан рақобатлашган ҳолда Тожикистон бозоридан ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. Тожикистон Ўзбекистондан кийим-бош, пойабзал, озиқ-овқатдан тортиб техникагача импорт қилади. Кўплаб харидорларнинг айтишларича, уларга ўзбек маҳсулотларининг сифати ва нархи маъқул келмоқда. Бироқ, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасида Ўзбекистон маҳсулотлари етакчилик қилади, тожик тадбиркорлари эса қўшни мамлакатга асосан цемент сотади“. дейилади.
Расмий маълумотга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда икки баробар ошган.
Пойтахтдаги “Корвон” бозорида савдо қилувчи тадбиркор Наргис Ҳафизова авваллари Хитой ва Қирғизистондан маҳсулот олиб келарди, аммо сўнги йилларда у ўзининг бизнес-маршрутини ўзгартирди ва хотин-қизлар учун Ўзбекистондан маҳсулот олиб кела бошлаганини маълум қилган.
“Хитой ва Қирғизистонга нисбатан Ўзбекистон бизнес учун анча қулай. Авваллари маҳсулотлар олиб келишим учун Хитой ва бошқа мамлакатларга боришимга тўғри келарди, йўлга 7-10 кун кетарди. Ўзбекистонга эса 2-3 кунда бориб келаман. Маҳсулотларнинг нархи ҳам анча арзон“, дейди тадбиркор аёл.
Унинг сўзларига кўра, кўпчилик тадбиркорлар Хитой, Туркия ва Қирғизистондан юк олиб келаётганларида жиддий қийинчиликлар билан тўқнаш келишади, турли сабабларга кўра улар олиб келаётган маҳсулотлар йўлда ушланиб қолади ва тадбиркорлар ҳафталаб ва ойлаб ўз маҳсулотларини кутишга мажбур бўлишади.
Шуҳрат Салимов “Корвон” бозорида эркаклар учун кийим-бош сотади. Юқори сифатли маҳсулот қидираётганлар учун у Туркия маҳсулотларини таклиф қилади. Шу билан бирга у Ўзбекистон маҳсулотларини ҳам сотади, унинг айтишича, ўзбек маҳсулотларига ҳам талаб юқори экан.
Тожикистон бозори асосан Хитой, Туркия ва Қирғизистон маҳсулотлари билан тўлдирилган. Бироқ, сўнги йилларда “Made in Uzbekistan” маҳсулотлари ҳам пайдо бўлди. Аввалига харидорлар бу маҳсулотларга эҳтиёткорлик билан қарашди, кейинчалик эса уларнинг сифати юқорилиги ва арзонлиги уларнинг ишончини қозонди.
“Аввалига биз бу маҳсулотлар Ўзбекистонники десак, харидорлар харидда иккиланар эди. Кейинчалик улар ўзбек маҳсулотлари сифатига ишонишди ва ҳозир бу маҳсулотларга талаб юқори“, дейди аёллар либоси сотувчиси Бахтиёр.
Унинг айтишича, маҳаллий тадбиркорлар Душанбе бозорларидаги талабдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларига буюртма беришмоқда.
“Масалан, Туркияда ишлаб чиқарилган аёлларнинг узун кўйлаклари 500-600 сомони туради. Шу каби либосларни Ўзбекистонга ҳам буюртма қиламиз уларники нисбатан арзон, 200 сомони (20 долларга яқин) туради“, дейди суҳбатдош.
Ўзбекистондан пойабзал ҳам олиб келинади. Харидорларнинг айтишларича, Хитой маҳсулотига солиштирганда ўзбек пойабзаларининг сифати анча яхши, аммо Россия ва Туркия пойабзали каби юқори эмас.
Тожикистон–Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар очилганидан кейин нафақат икки мамлакат фуқароларининг ўзаро борди-келдиси учун имкониятлар пайдо бўлди, балки ўзаро товар айланмаси ҳам кўпайди. Ҳозир тожик бозорида нафақат ўзбек кийимлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини, балки хонадонлар учун ишлаб чиқарилган маиший техника ва товарларни ҳам учратиш мумкин.
Иқтисодчилар, Тожикистон ҳам цемент билан чекланиб қолмасдан, қўшни мамлакатга ўзининг маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтирса яхши бўлишини таъкидлашмоқда.