Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданиятлар туташуви: Ўзбек заминидаги лезгинлар тарихидан
12:20 / 2026-02-15

Ўтмиш саҳифаларини варақлаганда, Ўзбекистон замини азалдан турли тақдирлар ва маданиятларнинг чорраҳаси бўлганига гувоҳ бўламиз.

Ана шундай тарихий жараёнлар натижасида юртимизда истиқомат қилиб келаётган халқлардан бири лезгинлардир. Ушбу элат вакилларининг Ўрта Осиёга, хусусан, ўзбек хонликлари ҳудудига кириб келиши ва маҳаллий аҳоли билан интеграциялашуви чуқур тарихга эга. Манғитлар хонадонидан бўлган Муҳаммад Яъқуб Бухорийнинг “Гулшан ул-мулук” (“Подшоҳлар гулшани”) асарида қайд этилишича, лезгинларнинг илк йирик гуруҳи XVIII аср ўрталарида, Нодиршоҳ қўшинлари таркибида Бухоро ва Хива хонликлари ҳудудига келиб ўрнашган. Бу факт лезгин диаспорасининг юртимиздаги тарихи икки ярим асрдан зиёд эканини кўрсатади.

Лезгинларнинг маҳаллий жамият ҳаётига сингиб кетиши шунчаки аҳоли кўчиши эмас, балки ижтимоий-иқтисодий зарурат билан ҳам боғлиқ эди. Таниқли элшунос олима Ольга Сухареванинг тадқиқотларида келтирилган топонимик маълумотлар бунга яққол мисол бўла олади. Олиманинг аниқлашича, Бухоро шаҳрининг Самарқанд дарвозаси жанубида жойлашган, XVIIIасрда ташкил топган Шоҳ Ахси гузарининг бир қисми азалдан “Лазгиҳо” (лезгинлар) деб номланган. XIX аср охирига келиб бу ерда лезгинлар истиқомат қилмаса-да, халқ хотирасида бу ном сақланиб қолгани уларнинг шаҳар ҳаётидаги ўрни муҳим бўлганидан далолат беради.

Ҳунармандчилик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоҳида эътиборга молик. Ўша даврда йирик шаҳар бозорларида лезгин мисгарлари ва қалайчиларини кўплаб учратиш мумкин эди. Айниқса, заргарлик санъатидаги тажриба алмашинуви юқори даражага кўтарилган. Бухоролик заргарлар қимматбаҳо металларни қуйишда махсус қолиплардан фойдаланишни айнан лезгин усталаридан ўрганганлар. Шунингдек, узук ва бошқа тақинчоқларга қора кумуш суви югуртириш усули ҳам Кавказдан келган усталардан ўзлаштирилган. Бундай технологик алмашинув маҳаллий заргарлик мактаби ривожига сезиларли таъсир кўрсатган.

XIX аср охирида Ўрта Осиёда темир йўл қурилишининг бошланиши лезгин аҳолисининг ижтимоий фаоллигини янги босқичга олиб чиқди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”га кўра, Самарқанд темир йўл қисмининг ўзида 330 нафар лезгин миллатига мансуб ишчи меҳнат қилган. Тақдир тақозоси билан Самарқанд депосида, кейинчалик машҳур шоир бўлиб танилган, Сулайман Стальский ҳам фаолият юритган. Унинг бу ердаги ҳаёти ва меҳнат фаолияти икки халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқаларнинг ўзига хос кўринишидир.

Ўзбек заминида камол топган ва эл назарига тушган лезгин зиёлилари талайгина. Шулардан бири – ҳарбий хизматчи, ёзувчи ва рассом Мақсуд Алихонов-Аварскийдир. 1873 йилда Туркистон округига хизматга юборилган бу шахс ўлка тарихига оид қимматли кузатишлар қолдирган. Унинг “Хивага юриш” мемуарлари ўша давр воқеаларини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, 1930-йилларда Бухорода ижод қилган моҳир кандакор Хожали Капаев ўз санъати билан шуҳрат қозонган. Унинг ишлари 1923 йилда Москвада ўтказилган нуфузли кўргазмада намойиш этилгани унинг юксак маҳоратидан далолат беради.

Икки халқ ўртасидаги маданий яқинлик мусиқа ва санъатда ҳам ўз аксини топган. 1889 йилда тадқиқотчи Р.А.Пфеннинг қизиқарли бир кузатувни эълон қилади. Унинг ёзишича, бир ўзбек халқ қўшиғининг куйи машҳур композитор М.Глинканинг “Руслан ва Людмила” операсидаги асосий мотивлардан бирини аниқ такрорлайди. Мутахассислар бу ўхшашликни Глинканинг Кавказда эшитган оҳанглари билан боғлайдилар. Бу ҳолат масофалар узоқлигига қарамай, халқларнинг руҳияти ва эстетик қарашлари нақадар яқин эканини кўрсатади. Хоразм лазгиси ва кавказ лезгинкаси ўртасидаги уйғунлик ҳақидаги афсоналар ҳам ана шу руҳий яқинликнинг рамзий ифодасидир.

Ўзбекистондаги лезгин аҳолисининг сони йиллар давомида барқарор ўсиб борган. Статистик маълумотларга қараганда, 1926 йилда юртимизда 329 нафар лезгин яшаган бўлса, 1989 йилга келиб бу кўрсаткич 3071 нафарга етган. Бу рақамлар бағрикенг ўзбек замини турли миллат вакиллари учун тинч ва фаровон ҳаёт кечириш маконига айланганини кўрсатади. Бугунги кунда ҳам улар ягона ва аҳил оиланинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Тарих синовларидан ўтган бу дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари мустаҳкамланиб бормоқда.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА