2026 йилда жаҳон маданий ҳамжамияти буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигини нишонламоқда. Унинг шеърий ва фалсафий асарлари муҳаббат, адолат, инсоний қадриятлар ва илм чўққиларини забт этиш каби ғоялар билан йўғрилган. Бу умуминсоний мавзулар барча даврларда, миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсон қалбида акс-садо беради.
Бугунги кунда Навоийнинг бебаҳо мероси бизга асл қадриятлар чегара билмаслигини эслатган ҳолда, авлодлар ва халқларни бирлаштирувчи кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу йили Сергей Есениннинг Ўзбекистонга ташриф буюрганига 105 йил тўлади. Бу адабий алоқалар халқлар ўртасидаги мулоқот учун пойдевор бўлаётганининг ёрқин мисолидир.
«Яхшилик зийнатингиз бўлсин...»
Сергей Есениннинг ватани бўлмиш Рязан шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тадбирларнинг бўлиб ўтаётгани рамзий маънога эга. Маҳаллий ҳокимият миллатлараро маданий ва маънавий алоқаларни сақлашга қаратилган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватламоқда.
7 февраль куни “Олмос” ўзбек миллий-маданий автономияси ташаббуси билан “Яхшилик зийнатингиз бўлсин...” мавзусида мусиқий-шеърий кеча бўлиб ўтди. Ихтиандр Қодиров ижодий раҳбарлиги остида ташкил этилган ушбу маданий тадбирда Алишер Навоий ва Сергей Есенин шеъриятидан намуналар янгради.
Бадиий кеча икки буюк шеърият анъаналари ўртасидаги ўзига хос кўприк бўлди.
Тадбирда шунингдек, Валерий Плахотнийнинг “Маданиятлар чорраҳаси” номли муаллифлик асари ҳам намойиш этилди. Унда рассом ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги алоқалар, маданиятлар алмашинувини маҳорат билан тасвирлаган. Асар марказида қўлларида китоб тутган икки даҳо — Алишер Навоий ва Сергей Есенин гавдалантирилган.
Рамзий маънода, ушбу «чорраҳа» ва маданий синтез мавзуси бугун нафақат бадиий, балки амалий аҳамият касб этмоқда. Мусиқий-шеърий кечада илгари сурилган ғоялар бугунги кундаги гуманитар ҳамкорликнинг замонавий шаклларида ўз ифодасини топмоқда.
Шу маънода, 21–24 май кунлари Рязань шаҳрида «Мода с акцентом» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтадиган «Маданиятлар синтези» халқаро этнофестивали алоҳида аҳамият касб этади. Модага урғу берган ҳолда ташкил этиладиган ушбу фестиваль этномаданий мерос, анъанавий ҳунармандчилик ва замонавий дизайн намуналарини намойиш этиш, шунингдек, профессионал ва ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланади.
Шу мақсадда Марказий Осиё Дизайнерлар иттифоқи раиси Камола Ғуломова бошчилигида ўзбек делегацияси шакллантирилди. Тадбирда мамлакатимиз вакилларининг иштирок этиши Рязань вилояти ва Ўзбекистон ўртасида халқ дипломатиясини ривожлантириш ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлади.
– Бир-бирининг шеъриятини англаган халқлар ҳамиша ўзаро тил топиша олади, деб ўйлайман. Бу йил биз ўзбек-рус маданий мулоқотининг теранлиги ва мустаҳкамлигини ифодаловчи икки муҳим санани нишонламоқдамиз: нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун маънавий пойдевор яратган буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Шарқ гўзаллигини бутун қалби билан мадҳ этган рус шоири Сергей Есениннинг ўзбек заминига ташрифига 105 йил тўлиши шулар жумласидан. Умид қиламизки, «Маданиятлар синтези» этнофестивали маданий мерос соҳасида тажриба алмашиш, миллий ҳунармандчилик ва замонавий дизайн намуналарини намойиш этиш ҳамда ижодий ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшигини очади», — дейди Камола Ғуломова.
“Олмос” ўзбек миллий-маданий автономияси раиси Зулайҳо Қодированинг қайд этишича, адабиёт, санъат ва қўшма лойиҳалар турли халқлар вакилларига бир-бирларининг қадриятлари ва дунёқарашини яқиндан англашга хизмат қилади.
– Ўзбекистон ва Россия халқларини нафақат географик яқинлик, балки муштарак маънавий илдизлар ҳам ўзаро боғлаб туради. Бизнинг вазифамиз уни янги мазмун билан бойитиш ва янги ҳамкорлик уфқларини очиш орқали маданиятлар ўртасидаги бу кўприкни асраб-авайлашдан иборат. Ўзаро англашув муҳитида вояга етган ёш авлод келажакда муносабатларни ўзаро ҳурмат ва шериклик тамойиллари асосида қуришига ишончимиз комил, - дейди Зулайҳо Қодирова.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА