Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият ва санъатимиз ривожини янги босқичга олиб чиқишга йўналтирилган ҳужжат
11:39 / 2021-01-26

Мамлакатимизда моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш, тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунга қадар қадар бу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Президентимизнинг фармон ва қарорлари, бошқа кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётган эди.

Аммо ушбу йўналишда ҳам муайян ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд эдики, бу соҳа ривожига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатаётганди. Шу боис ҳам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани қайд этилиб, ушбу масала юзасидан вазифалар белгилаб берилган.  

Шу эҳтиёж туфайли ишлаб чиқилган ва куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун фуқароларимиз ва юртимиздаги турли этник қатламларнинг миллий ва умумбашарий маданияти соҳасида вужудга келадиган асосий ҳуқуқий муносабатларни тизимли тартибга солиш имкониятини яратади, десак айни ҳақиқат.

Қонун билан маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий йўналишлари, бу борадаги ҳуқуқий муносабат иштирокчилари, уларнинг ваколатлари аниқ белгиланди. Шу билан бирга, маданият ташкилотларининг давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш ва маданият тармоқларининг рақобатдошлигини ошириш сингари масалалар тартибга солинди.

Унда ижодкор, ижодий жамоа, ижодий фаолият, маданий тадбирлар, маданий тадбир ташкилотчиси, маданият ходими каби асосий тушунчаларга ҳам аниқ таъриф берилган.

Шунингдек, аҳоли, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маданий фаолиятда иштирок этиши, фуқаролар, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топган.

Мазкур қонун маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини оширади, қонун ҳужжатларидаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф қилади ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинишига замин яратади. Шу билан бирга, халқаро майдонда Ўзбекистон имижини ошириш билан бир қаторда, халқлар ва минтақалар ўртасидаги маданий алоқалари янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига ижобий таъсирини кўрсатади.

Умуман, мазкур қонун билан биз маданиятимиз ва санъатимизни ҳар томонлама бойитиш, унинг маънавий пойдеворини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўламиз.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

Олий Мажлис Сенати

Ёшлар, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси