Президент топшириғи амалда
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, замонавий маданият ва санъат муассасаларини барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳозир ҳудудда 111 та маданият ва санъат муассасалари мавжуд бўлиб, уларда жами 3 минг 34 нафар мутахассис-ходим фаолият юритади. Жойлардаги 33 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 11 минг 304 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўтган давр мобайнида республика ҳамда халқаро танловларда Тошкент вилоятининг иқтидорли ёшларидан 379 нафари юқори натижаларни қўлга киритди.
Туман-шаҳарлардаги маданият марказларида эса 154 та ижодий тўгараклар мавжуд бўлиб, уларда 2 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинган. Асосан, миллий ва замонавий рақс, рассомлик, мақом ва эстрада куй-қўшиқлари, театр, кулолчилик, заргарлик каби йўналишлар оммалашган. Ўтган давр мобайнида ижодкорлар томонидан ҳудудлар бўйлаб кўплаб концерт томошалар, оммавий ҳамда маданий тадбирлар ташкил этилиб, жами 766 минг 165 нафар аҳоли, айниқса, ёшлар қамраб олинди.
Вилоят Маданият бошқармаси тасарруфидаги ташкилотларида фаолият юритаётган ижодкорлар ҳамда вилоят мақом ансамбли, вилоят филармонияси ходимлари томонидан тузилган ижодий гуруҳлар Ҳиндистон, Венгрия, Хорватия, Туркия каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларда “Ўзбекистон маданият кунлари”ни ўтказиб миллий маданиятимизни кенг намойиш этиб келди.
– Алоҳида қайд этиш лозим, Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 25 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форуми доирасидаги баёнида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Тошкент вилоятидан 107 нафар иқтидорли ёшлар Маданият ва санъат институти бакалавр йўналишига қабул қилинган эди. Жорий йилда ушбу талабалар олийгоҳни тугатиб, туман-шаҳар маданият бўлимларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман-шаҳар маданият бўлимларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, – дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи А.Мирзаев.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига асосан маҳаллий бюджети ҳисобидан маблағ ажратилиб, Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли ва Паркент туманидаги 34-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаблари моддий техник базаси мустаҳкамланди. Зарур мусиқа анжомлари билан таъминланди. Оҳангарон шаҳрида “Ташаббусли бюджет” дастури орқали янги маданият маркази биноси қуриш учун маблағ ютиб олинди. Объектни қурилиш ишлари бошланиш арафасида.
Саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилда ўтган халқаро кўрик танловларда Тошкент вилояти Маданият бошқармаси тасарруфидаги 3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ёшлари Туркия ва Қозоғистон давлатларида бўлиб ўтган халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритди. Мамлакатимизда бўладиган “Марҳабо талантлар” республика кўрик танловида 2 нафар ўқувчи 1-даражали диплом, 3 нафар ўқувчи 2-даражали диплом ва 2 нафар ўқувчи 3-даражали дипломни қўлга киритди.
Шу билан бирга, бу йил Олмалиқ шаҳрининг “Калейдоскоп” рақс жамоасига “Халқ ҳаваскорлик жамоаси” ва Нурафшон шаҳар “Бойчечак” болалар рақс жамоасига эса “Болалар намунали жамоаси” унвони берилди. Умуман олганда, сарҳисоб қилишга арзигулик эришилаётган натижалар жуда кўп.
Муҳими, маданият ва санъатнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар давом этади.
А.Мусаев, ЎзА.