Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланмоқда
11:54 / 2023-04-15

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 7 июнда имзоланган қонунга кўра, 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонланмоқда.

Миллатнинг ўзлигини сақлашида маданият ва санъатнинг  ўрни беқиёс.  Кейинги йилларда маданият ва санъат ривожига эътибор янада кучайди. Ижод аҳли, умуман, ижодкор зиёлилар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, меҳнатини қадрлаш масаласи мамлакатимизда янгича мазмунга ва кўламга эга бўлди.  

Мамлакатимизда маданият ва санъатни равнақ топтиришнинг муҳим ҳуқуқий асослари яратилди. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар яратилгани соҳа ривожида янги истиқболларни очиб бермоқда.  

Кейинги йилларда Ўзбекистон Давлат филармонияси, Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилгани, "Баҳор" давлат рақс ансамбли қайта ташкил этилгани соҳа равнақига қаратилаётган амалий эътибордан дарак беради.  

Устоз санъаткор Юнус Ражабий асос солган “Мақом” ансамбли фаол қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунали мақом ансамбллари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг самарали ишлаши учун ҳамма шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга театр, ашула ва рақс жамоаларининг фаолияти учун зарур имкониятлар муҳайё этилаётир. Ижодий жамоаларнинг чет элга сафари, халқаро фестивалларда иштироки учун барча чора-тадбирлар ишга солинаяпти. Бир қатор хорижий мамлакатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг муваффақиятли ўтказилаётгани жаҳонга миллий санъатимизни кенгроқ намоён этишда муҳим.  

Бугунги дунёда кечаётган мураккаб глобаллашув жараёнлари, инсон, айниқса, ёшлар онги, қалби, дунёқараши, бадиий-эстетик диди учун кетаётган курашлар  авж олган бир даврда миллий қиёфани, соғлом ва уйғоқ тафаккурни сақлаб қолишда миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг, соҳа фидойиларининг хизматлари айниқса катта. Бу эса ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат аҳли зиммасида нечоғли шарафли, масъулиятли вазифалар борлигини  англатади. Зеро, миллатнинг маънавий қиёфасини сақлаб қолишда, жамоатчилик фикрини тўғри шакллантиришда маданият ва санъат аҳлининг ўрни, хизматлари беқиёсдир.  

15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан мамлакатимизда турли маданий-маърифий тадбирлар, концертлар, ижодий мулоқотлар бўлиб ўтади. Соҳадаги ишлар, галдаги вазифалар муҳокама этилади. Фаол ва фидойи санъаткорлар, соҳа вакиллари “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланади.  

Назокат Усмонова, ЎзА