French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият ва санъат масканлари вилоят ҳокими эътиборида
17:22 / 2026-03-03

Маданият, туризм, санъат, оммавий ахборот воситалари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи соҳалардан. Шу боисдан ҳам уларнинг ривожи ҳукуматимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келади.

Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳининг навбатдаги ўрганишлари айнан маданият ва санъат масканларининг манзилларига қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Даставвал, Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасида жойлашган 24-сонли болалар мусиқа ва санъати мактаби фаолияти билан танишилди. Мазкур замонавий санъат даргоҳида бугунги кунда 172 нафар ўқувчи 11 йўналишда таҳсил олаётган бўлса, уларга 25 нафар олий маълумотли педагог масъул.

Эътиборлиси шундаки, бюджет маблағлари ҳисобидан 972 миллион сўм ҳисобига мактаб учун тўққиз турдаги йигирмага яқин Европа чолғулари харид қилинди.

Вилоят раҳбари билим юртида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашди.

Навбатдги манзил – вилоят марказининг Чорсу даҳасида жойлашган вилоят мусиқали драма театри биноси 1957 йилда қурилган бўлиб, бир неча бор мукаммал таъмирланган. Ҳозир санъат даргоҳида 80 га яқин ижодкор фаолият юритмоқда.  

Нозимжон Тошпўлатов бошчилигидаги театр жамоасининг репертуарини бойитган “Усмон Носир”, “Бу чоллар – ажиб чоллар”, “Тўйлар муборак”, “Саббаи сайёр”, “Ибрат”, “Азиз” каби ўнлаб спектакллар аллақачон театр шинавандлари қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Театр жамоасининг республикамиз бўйлаб гастролларидан ташқари Озарбайжон, Корея каби давлатларга амалга оширган ижодий сафарлари ғоят мазмунли тааассуротларга бой тарзда кечган.

Ишчи гуруҳи ўрганиши давомида вилоят ҳокими театрда ойлик иш ҳақидан тортиб, сўнгги йилларда намойиш этилган спектакллар, янги ижодий лойиҳалар ва гастрол режалари билан қизиқди.

2023 йили  янги йил байрами арафасида қайта реконструкциядан чиқарилиб, замонавий қиёфа касб этган “Матбуот уйи” вилоятдаги кўркам маънавият масканларидан биридир. Ушбу бинода  юз йиллик тарихга эга бўлган “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари таҳририятлари билан бир қаторда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлик пункти, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Усмон Носир номидаги нашриёт, “Мураббий” ва “Ибрат” газеталари таҳририятлари ҳам фаолият юритади.

Шавкат Абдураззоқов ижодий жараёнга тўлақонли шароит ва ўзига хос қизғин муҳит ҳозирлаш мақсадида бино имкониятларидан унумли фойдаланиш, чин маънода маърифат ошёнига айлантириш лозимлигини таъкидлади.  

Ўрганишлар давомида Наманган ихтисослаштирилган маданият мактаби ва Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят раҳбари ўқувчилар тураржойидаги шароитларни тубдан яхшилаш, ҳар икки таълим муассасасини таъмирлаш, вилоят “Мақом” ансамбли учун алоҳида ижодхона ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.  

Мулоқотлар давомида санъатсевар ёшлар ўз иқтидорини намоён этди. Элимиз ардоғидаги ҳофиз, Наманган фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов номи билан аталадиган 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчиларининг бадиий чиқишлари олқишланди. Бу ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳоратини ошириш ва кенг оммага етказиш учун доимий аҳамият қаратиш бўйича масъулларга топшириқлар юклатилди.

Ўрганишлар давомида Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” маркази, вилоят “Кўзи ожизлар жамияти” кутубхонаси билан ҳам танишилди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан кўзи ожизлар кутубхонасининг авария ҳолатига келиб қолган биноси бузилиб, ўрнида ихчам, замонавий зиё маскани бунёд этиладиган, “брайл” алифбосидаги китоблар билан таъминлаш учун маблағ ажратиладиган бўлди.  

Давлатобод туманидаги биринчи сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти билан ҳам танишувда эса, унинг биносини таъмирлаш борасида зарур чоралар белгилаб олинди.  

Таъкидлаш жоизки, ўрганишлар давомида ҳар бир манзилда ижод аҳли билан яқиндан суҳбатга киришилиб, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш зарурлиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА