Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият ва санъат фаоллари тақдирланди
16:15 / 2026-02-04

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан соҳада самарали фаолият олиб бораётган қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатини эътироф этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб “Алғис” номли йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросими ўтказиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон санъат саройида бўлиб ўтган навбатдаги “Алғис-2025” йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросимида 19 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланди.

Жумладан, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали “Ёшларни тарбиялашдаги фаоллиги учун”,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборов “Маданий тадбирларда фаол иштирок этганлиги учун”,  Тўрткўл туманининг Маданият бўлими “Йил давомида самарали фаолият кўрсатган маданият бўлими”, Икром Абдикаликов “Йил режиссёри”, жиров Саломат Аяпов “Миллий ижрочилик санъатини ривожлантиришдаги фаоллиги учун”,  Элликқалъа туманининг 23-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби “Йилнинг энг намунали болалар мусиқа ва санъат мактаби”, Шуманай тумани халқ театр жамоаси “Йилнинг энг фаол халқ ҳаваскорлик жамоаси”, бахши Гулшинар Қудайбергенова “Миллий ижрочилик санъатини ривожлантиришдаги фаоллиги учун” номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.  

Шунингдек, “Соҳадаги янгиликлар ва ислоҳотларни ОАВ да ёритишдаги фаоллиги учун”,  “Йилнинг энг фаол маданият ходими”, “Йилнинг энг фаол саҳна ва экран технологиялари мутахассиси”, “Йилнинг энг фаол театр актёри”, “Болалар ижодини ривожлантиришдаги хизматлари учун”, “Йилнинг энг фаол балетмейстери”, “Йилнинг энг фаол раққосаси”, “Йилнинг энг яхши маданий лойиҳаси”, “Йилнинг энг фаол хонандаси” номинациялари бўйича  ҳам ғолиблар тақдирланди.

– Жамоамизнинг “Йилнинг энг намунали болалар мусиқа ва санъат мактаби” номинациясига муносиб кўрилганидан хурсандмиз,– деди Элликқалъа тумани 23-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Оғабек Худайберганов. – Тумандаги “Сарабий” овул фуқаролар йиғинида  2020 йил август ойидан ўз фаолиятини бошлаган мактабимизда 2025-2026 ўқув йилида жами 254 нафар ўқувчи халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, фортепиано, эстрада, академик хонандалик, анъанавий чолғу, тасвирий ҳамда амалий санъат, хореография, бахшичилик, театр санъати йўналишларда таҳсил олмоқда. Ўқувчиларимиз турли танловларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2025 йил 11-12 июнь кунлари Наманган шаҳрида ўтказилган “Санъат сеҳри” халқаро мусиқа ва санъат танлови ҳамда 25 сентябрь куни “Артист” халқаро ташкилоти томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Санъатим – фахрим” республика танловида Саидбек Баҳромбаев анъанавий хонандалик йўналишида олий ўринни эгаллаб, Туркияда бўлиб ўтадиган халқаро танловга йўлланмани қўлга киритди.  

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири