З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти драма театрида “Май – маҳаллаларда маданий ва маърифий тадбирлар ойлиги” доирасида “Тўйлар муборак” комедияси намойиш этилди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда, аҳолини ижтимоий, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигида маҳаллаларда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, фуқароларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш, маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида май ойи давомида аҳолининг театрлар, музейлар, маданият ва истироҳат боғларига ташрифларини уюштириш, шунингдек, жойларда маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши белгиланганлиги ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
– Ойлик доирасида аҳоли вакилларининг вилоятдаги театр, музей ва истироҳат боғларига ташрифи ҳамда саёҳатлар уюштирилади, – дейди вилоят Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов. – Мутлақо бепул ўтказиладиган тадбирларга вилоятдаги 909 та маҳалланинг барчаси тўла қамраб олинади. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг кўнгилли дам олишини ташкил этиш, юртдошларимизнинг кайфиятини, руҳиятини кўтаришдир.
Ойликнинг илк кунида вилоятдаги қатор маҳаллалардан келган юртдошларимиз, меҳнат фахрийлари, ёшлар вакиллари учун З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти драма театри ижодий жамоаси томонидан янги талқиндаги “Тўйлар муборак” комедияси намойиш этилди.
– Маҳалла бошлиқларига раҳмат, очиғи театрга охирги марта қачон кирганимни эслай олмайман, – дейди Пахтаобод тумани Қорашоҳ маҳалласида яшовчи Маъмурахон Раҳмонова. – Уларнинг таклифи билан бир гуруҳ маҳалладошлар бугун вилоят театрига келдик. Тўй билан боғлиқ жараёнлар, ушбу жараёндаги умуман, кераксиз урфлар, одатлар ҳаётий ва қизиқарли тарзда намойиш этилган комедияни мазза қилиб томоша қилдик.
Театр томошасидан сўнг маҳаллалар вакиллари Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида бўлишди. Юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар, ёзма манбалар, тарихимизга оид кўргазмалар билан танишди.
– Андижон шаҳрига саёҳатимиз жуда мароқли ўтяпти, – дейди Асака тумани Қайрағоч маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Турдибой Гулжаев. – Тушга қадар театр томошасини кўрдик, энди музей билан танишяпмиз. Музей экспонатларга жуда бой экан. Улар билан танишиб, тарихимизга оид кўп маълумотлар олдим.
Чекка маҳаллаларда яшаётган мен каби оддий одамлар учун бундай саёҳатлар ташкил этилганидан жуда хурсандман. Бунинг учун Президентимизга, ҳукуматимизга, шундай хайрли ишлар ташкилотчиларига раҳмат.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ойлик доирасида аҳоли ва ёшлар учун З.М.Бобур номидаги вилоят драма театри, Андижон ёшлар ҳамда вилоят Қўғирчоқ театрларининг намойишлари, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи, унинг “Ҳабибий уй-музейи”, “Чўлпон ёдгорлик музейи”, “Қалъа ёдгорлик мажмуаси” бўлимларига, Боғи Бобурдаги “Бобур ва жаҳон маданияти”, Марҳамат туманидаги “Мингтепа” ёдгорлик мажмуаси, шунингдек, вилоятдаги қатор зиёратгоҳларга, маданият ва истироҳат боғларига саёҳатлар, маҳаллаларда эса маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, ижодкорлар, санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этилади.
[gallery-17237]
Ана шу тадбирларга, энг аввало, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, ногиронлар, якка-ёлғиз яшовчилар, “Қизил ҳудуд”га кирган маҳаллалар ёшлари қамраб олинади.
Ойлик доирасида маҳаллаларда юқори кўтаринкилик билан ўтказилаётган маданий ва маърифий тадбирлар юртдошларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ва кўнгилли ўтказишга кўмак бериш билан бирга, уларнинг қалбида бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик, эртанги кунга ишонч ва умид туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари