Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан май ойи “Маданият ва маърифат ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик давомида маҳалла еттилиги томонидан кексалар, нуронийлар, ёшлар ва маҳалла аҳолиси иштирокида музей, муқаддас қадамжоларга саёҳат, кино, театр ва концерт томошалари ҳамда бошқа маънавий тадбирлар ташкил этилади.
Навоий давлат педагогика институти тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари” хотираси музейининг бу галги меҳмонлари Навоий шаҳри аҳолиси бўлди. Дастлаб мазкур музейнинг ташкил этилиши ва зарурати, унинг халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.

Музей ўзбек миллатининг ўтмиши, бой тарихи, халқимизнинг жасоратидан сўзлайди. Меҳнаткаш, танти аждодларимиз турмуш тарзи, миллий урф одат ва анъаналарию, бошдан кечирган аччиқ ва аламли қисмати ана шу музейда исботини топади. Музей экспонатларини кўздан кечирганлар ёшларга бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш зарурлиги ҳақида ўз тавсияларини берди.

– Маҳалламиз аҳолиси билан ойликда фаол қатнашмоқдамиз, – дейди Навоий шаҳридаги Янги обод маҳалласи раиси Шоира Тўхтамишова. – Тўғриси, иш билан банд бўлиб, музейларга келишга қунт қилмасдик. Бугун аҳоли, маҳалламиз еттилиги билан маданий ҳордиқ олдик. Бу бизга янада куч беради.

Ойлик доирасида кексаларимиз Навоийда жойлашган музейлар ва муқаддас қадамжоларга, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларига саёҳат қилади. Маҳаллаларда “Уч авлод учрашуви”, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этади. Концерт томошалари ташкил этилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири