Бухоро вилояти Когон туманида экологик муҳитни яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш ва аҳолига қулай дам олиш ҳудудларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Ушбу хайрли ташаббус она табиатимизни бойитишга, маҳалла ва қишлоқларимизни яшилликка буркаш, кўкаламзорлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу борада Когон туманидаги йўл бўйларига, ташкилот, корхона ва муассасалар, хонадонлардаги бўш ер майдонларига мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилмоқда.

Жумладан, Когон тумани “Сухор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аҳолини дам олиши ва уларнинг маънавий ҳордиқ чиқаришлари учун барпо этилаётган олти гектар майдондаги “Маданият ва истироҳат боғи”га 10000 тупдан ортиқ чиннигужум, акация, катальпа, қайрағоч, чинор, клён ҳамда ясин каби ноёб манзарали кўчатлар ўтқазилди.

Ушбу эзгу ташаббус жараёни аввалида сўз олган туман ҳокими Отабек Қозоқов лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар экология ва атмосфера учун айни долзарблигини таъкидлаб, масъулларни ҳар бир ҳудудда, корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда, хонадонларда кўчат экиш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишга чақирди.


Туманда “Яшил макон” лойиҳасига асосан жорий йилнинг кузги мавсумида 500 мингдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.