Жиззах вилоятининг Бахмал тумани маркази — Ўсмат шаҳарчасида замонавий имкониятларга эга Маданият маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Янги масканда концерт-томоша зали, кутубхона, кинозал ва турли тўгараклар фаолияти учун зарур шароитлар яратилган.
Марказ қисқа муддатда таъмирланиб, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолга келтирилди. Бино саҳна жиҳозлари, ёритиш ва овоз кучайтириш тизимлари, шунингдек, рақс, қўшиқчилик, мусиқа ва ҳунармандчилик йўналишлари учун мўлжалланган тўгарак хоналари билан таъминланди.
Очилиш маросимида туман ҳокимлиги ва турли ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат ходимлари ёшлар иштирок этишди. Тадбир доирасида маҳаллий ҳунармандларнинг ишлари ва адабиётга бағишланган кўргазмалар ҳам намойиш қилинди.
Янги бинода ташкил этилган рамзий лента қирқиш маросими туман аҳлининг катта мамнуният билан кутиб олган воқеалардан бири бўлди.
Марказнинг ишга туширилиши аҳоли учун бўш вақтни мазмунли ўтказиш имкониятларини кенгайтириб, ёшларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шунингдек, бу ерда концертлар, кўргазмалар ва бадиий тўгараклар учун қулай шароит яратилгани маданий ҳаётнинг янада жонланишига замин бўлади.
Тантанадан сўнг, маданият ва санъат усталари ҳамда болалар бадиий жамоаси иштирокида ранг-баранг концерт дастури намойиш этилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари