Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият марказлари фаолияти такомиллашади
16:49 / 2022-09-23

Андижонда туман, шаҳар маданият марказларига 7 турдаги мусиқа чолғу асбоблари ва соҳага оид махсус ўқув қўлланмалар топширилди.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Азизбек Махсумов, вилоятдаги маданият марказлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мусиқа чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар топширилишига бағишланган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат йўналишини ривожлантириш, маданият муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳа ходимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватланишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тақдим этилган мусиқа чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар, шубҳасиз, маданият марказлари фаолиятини янада юқори босқичга кўтаради.

Айни кунда вилоятда 71 та маданият маркази фаолият юритади, марказлар қошида ташкил этилган тўгаракларга 4,5 минг нафарга яқин иқтидорли ёшлар жалб этилган. Туман, шаҳар маданият марказларига карнай, най, танбур, ғижжак, табла, довул, доирадан иборат етти турдаги 223 дона мусиқа чолғу асбоби ҳамда ўқув-услубий қўлланмалар тантанали равишда топширилди.

– Соҳа ривожига кўрсатилган эътибор ва берилган ёрдамдан беҳад мамнунмиз, – дейди Пахтаобод тумани Маданият маркази раҳбари Адолатхон Раҳмонова. – Бу албатта, фаолиятимиз самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Тақдим этилган мусиқа чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар марказлар қошидаги санъат ва мусиқа тўгаракларида таҳсил олаётган ёшларнинг ўз иқтидорини тўлақонли юзага чиқариши, пухта билим олиши учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА