ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Инновацион маданият маркази қайта таъмирланиб, замонавий ва кўркам қиёфа касб этди.
Марказнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда маданият ходимлари, шаҳар аҳли, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб, бугунги кунда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига катта эътибор қаратилаётгани, соҳани ривожлантириш учун ҳудудларда салмоқли ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритди. Жараёнда мазкур марказда меҳнат қилаётган фидойи устозларнинг ҳам муносиб ўрни борлиги таъкидланди.
Таъкидлаш керак, Маданият маркази биноси 1910 йилда барпо этилган бўлиб, у маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида манзилда 6,5 миллиард сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Ҳозирда масканда 83 та тўгарак, 21 та халқ ҳаваскорлик жамоаси ва болалар бадиий жамоалари фаолият олиб бормоқда. Машғулотларга мингдан зиёд ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Улар ўз истеъдодини ривожлантириш билан бирга, республика ва халқаро миқёсдаги маданий тадбирларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
[gallery-23853]
Замонавий қиёфага кирган марказда санъатга иштиёқманд ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилди. 240 ўринли концерт зали, санъат, ҳунармандчилик тўгараклари, спорт хонаси улар ихтиёрида.
Эътиборлиси, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган “Долзарб 90 кунлик”да марказ ёшларнинг тўгаракларга қамровини ошириш ҳаракатида.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА