Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданият мактабининг 65 йиллиги нишонланди
18:46 / 2025-11-21

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби ташкил этилганининг 65 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Н.Сайфуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Б.Темирбоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А.Аяпов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг санъат ва маданият соҳаларига малакали мутахассислар тайёрлаб келаётган ўқув юртининг 65 йиллиги билан қутлади ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О.Назарбековнинг табриги ўқув эшиттирилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мазкур ўқув юрти дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 1960 йил 7 июлдаги қарори билан Нукус мусиқа билим юрти сифатида ташкил қилиниб, 1963 йил Нукус мусиқа хореография билим юрти, 1973 йил Жапақ Шамуратов номидаги Нукус санъат билим юрти номлари билан фаолият олиб борди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 14 августдаги “Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2003 йил Нукус санъат коллежи, 2005 йил Нукус маданият ва санъат коллежи ҳамда 2019 йилдан бошлаб Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Ҳозирги вақтда ушбу муассасада фортепиано, мусиқа назарияси, торли чолғулар, дамли чолғулар, халқ чолғу асбоблари, академик вокал, хор дирижёрлиги, миллий мусиқа ижрочилиги (бахши ва жиров), эстрада ижрочилиги, эстрада созандаси, театр санъати, хореография, ранг тасвир санъати, фольклор этнография мутахассисликлари тайёрланмоқда.

Мактаб 450 ўринга мўлжалланган бўлиб, 100 ўринли ётоқхона, 2 та концерт зали, 3 та хореография, 1 та спорт зали ва замонавий ўқув хоналарига эга. Ҳозирда жами 428 нафар ўқувчи тахсил олмоқда. Ўқув юрти ташкил этилган йиллардан бошлаб нафақат Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари, балки МДҲ давлатларидан ёшларнинг келиб таълим оладиган нуфузли ўқув юрти бўлди.

Санъат ва маданият соҳасида кадрлар етишмайдиган вақтлардан бошлаб республика учун юқори билим ва кўникмаларга эга профессионал кадрлар тайёрлаб, давлат театрлари, концерт-томоша муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари билан маданият марказларига раққоса, созанда, актёр-актриса, хор ва балет артистлари, кутубхоначи ва бошқа мутахассислар тайёрлаган ўқув муассасалардан бири ҳисобланади. Шу боис, бу мактаб халқ оғзида “Қорақалпоғистоннинг консерваторияси” деган юксак мақом ва обрўга эга бўлди.

[gallery-26374]

Мазкур ўқув юртида 65 йил давомида жами 15 минг нафардан ортиқ мутахассис тахсил олиб, улар бугунги кунда республиканинг ижтимоий ва маънавий ҳаётида хизмат қилиб келмоқда. Улардан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори  Базарбай Надиров, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, Рио-де-Жанейро халқаро қўшиқчилар танлови дипломанти Мақсет Хожаниязов, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Тамара Дошумова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Гулхатийша Айимбетова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган, Қорақалпоғистон халқ артисти Базаргул Каримова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Базарбай Узақбергенов, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреати Ғайиб Демесинов, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Барлиқбой Айтмуратов, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон ва Татаристон халқ артисти Женисбек Пиязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Элиза Айтниязова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган санъат арбоби Қурбанбай Заретдинов, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларига хизмат кўрсатган, Қорақалпоғистон халқ артисти Роза Қутекеева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Айгул Надирова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ва Бошқирдистон халқ артисти Бегисбай Темирбаев, Ўзбекистон халқ бахшилари Ғайратдин Отемуратов, Тенел Қаллиев ва бошқа минглаб битирувчиларни қайд этиш мумкин. Улар бугунги кунда маданиятимиз ва санъатимизни жаҳон миқиёсида тарғиб қилишда фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.

Муассасада қорақалпоқ фольклорининг ҳақиқий ижрочилари бўлган бахши жировларни тайёрлаш ва бошқа миллий чолғу асбобларини ўргатиш мақсадида 1992 йил миллий мусиқа бўлими янгидан очилди. Кўп вақт ўтмай, ёш бахши-жировлар етишиб чиқиб, бугунги кунда улар халқимизнинг бой маданий меросини дунёга танитиб келмоқда.  

Ушбу таълим муассасасининг ташкил қилиниши, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларга сифатли таълим ва тарбия бериш тизимини яхшилашда муассаса раҳбари ва устозларининг ҳам ўрни беқиёс. Билим юрти ташкил қилинган вақтдан бошлаб унга кўплаб фидоий инсонлар раҳбарлик қилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Аманияз Жузимбетов (1960-1961-йиллар), санъатшунослик фанлари номзоди, Бердақ номидаги давлат мукофотининг совриндори Тажигул Адамбаева (1961-1963-йиллар), Игор Мартинов (1963-1969-йиллар), Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Кейик Абдиреймова (1969-1985-йиллар), Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган артист Мақсетулла Камалов (1985-1999-йиллар), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги Давлат мукофоти совриндори, композитор Нажимаддин Мухаммеддинов (1999-2005-йиллар), Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган маданият ходими Тамара Давлетмуратова (2005-2014-йиллар) каби таниқли арбоблар раҳбарлик лавозимида ишлаган. Бугунги кунда Баҳодир Исмаилов раҳбарлик қилиб келмоқда. Ўқув юрти очилган йиллардаги дастлабки ўқитувчилари 13 нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунда 200 нафарга яқин устоз таълим-тарбия бериб келмоқда.

Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби битирувчиларидан 9 нафари  Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, 11 нафари “Ниҳол” мукофоти совриндори, 200 нафардан ортиқ ўқувчи нифузли халқаро, республика танловлари ва фестивалларнинг ғолиби бўлди.  

Тадбирда турли вазирликлар, муассаса ва ўқув юртлари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тантанали тадбир санъат усталари, маданият мактаби битирувчилари ҳамда ўқувчиларининг концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА мухбирлари