Қашқадарё вилоятининг маҳаллаларида, туман ва қишлоқларида маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
Чироқчи тумани болалар мусиқа ва санъат мактабида, Сариқ қишлоғи 16-мактабда, Косон тумани 37-мактабда, Касби тумани Денов МФЙда ва бошқа ҳудудларда ижодий учрашувлар, кўнгилочар тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Шунингдек, киноижодкорлар вилоят эндокринология ва кардиология илмий марказига ташриф буюриб, беморлар билан суҳбатлашди.
Кинематография агентлиги ташаббуси билан “Ёшлик киностудияси” томонидан Қарши давлат университетида жами 150 тага яқин талаба-ёшлар ўртасида кинокастинглар бўлиб ўтди. Мазкур кинокастингларда ёшларни актёрлик, хонандалик ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини аниқлаб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар илгари сурилган.
Кинематография агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида вилоят умумтаълим мактабларида “Фильм қаҳрамонларидан ўрнак оламиз!” мавзусида иншолар танлови бўлиб ўтмоқда. 5 майдан буён шу кунга қадар 1 минг 204 та умумтаълим мактабининг 8-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган иншоларда 200 мингга яқин ўқувчилар иштирок этишди. Ҳозирда туман босқичига тайёргарлик кўрилмоқда.
Агентлик томонидан "Киноклуб" ихтисослаштирилган махсус автротранспортларда "101", "Бир кунлик тўй", "Аёл қалби", "Тутқунлик", "Афв", "Мактаб-ҳаётим" каби фильмлар намойишлари ҳамда "101 рейс" фильмининг илк премьералари бўлиб ўтмоқда.
Қашқадарё вилоятидаги мазкур тадбирлар 15 май санасига қадар давом этади.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати
ЎзА.