Шу кунларда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгресси ўтказилмоқда.
Унда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан 300 нафардан ортиқ тарихчи, матншунос ва манбаашунос олим, музей ходими, илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Бугун ўтказилган конгресснинг очилиш маросимида кейинги йилларда мамлакатимизда бой маданий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 2018 йилдан буён фаолият олиб бораётган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
– Ўзбекистон кўп асрлик, бой тарих ва маданий меросга эга, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган юрт, – деди халқаро туркий маданият ташкилоти – Турксой Бош котиби Султон Раев ўз табрик сўзида. – Унинг тарихи ва маданияти нафақат Марказий Осиё халқларининг, балки бутун дунё турий халқлари ўтмишининг ёрқин бир саҳифасидир. Туркий халқларнинг умумий маданиятини ўзбек халқи маданиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу халқнинг бой маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш учун кейинги йилларда Президент бошчилигида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бинобарин, маданий меросни сақлаш миллатнинг ўзлигини сақлаш билан баробардир. Шу жиҳатдан ўзбекнинг маданияти Амир Темурнинг қиличи, Мирзо Улуғбекнинг юлдузлари, Навоийнинг қалами ва Бобурнинг жасорати билан, Берунийнинг донишмандлиги ва Имом Бухорийнинг дуоси билан юзага келган муқаддас мерос.
[gallery-14411]
Шунингдек, тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов, халқаро туркий академия президенти Шаҳин Мустафоев, АҚШдаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр ва бошқалар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди. Бу орқали ўзбек халқининг бир неча минг йиллик маданий мероси тадқиқ этилиб, асраб-авайланаётгани билан бирга дунё миқёсида кенг тарғиб қилинаётгани таъкидланди.
Қисқа вақт ичида юзлаб олимлар, маҳаллий ва халқаро экспертлар, мутахассислар кўмагида дунёнинг турли ўлкаларида сақланаётган ўзбек халқининг ноёб маданий мероси ҳақида тўпланган маълумотлар 70 жилди “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида чоп этилди.
«Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси» VII халқаро конгрессида «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидан 61–70 жилдлардан иборат 10 та янги китоб-альбом тақдим этилмоқда. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан, Татаристон), Туркиядаги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Бутунжаҳон жамиятининг “Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар”, “Клавихо: Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406)”, “Риштон кулолчилиги”, “Ўзбекистон санъати дурдоналари”, “Орол ва Аму бўйларида: қорақалпоқ санъати”, “Бадиий атамалар энциклопедияси” альбомлари, шунингдек, “Безак энциклопедияси” мавзуларига бағишланган режалардаги нашрлар, “Ўзбекистон гиламлари”, “114 Қуръон”, “Шарқнинг 100 нодир қўлёзмаси” лойиҳалари ҳам конгресс иштирокчиларига тақдим этилди.
Конгресс доирасида дунё мамлакатлари тарихи ва тарихий шахслари ҳақида фильмлар яратиш учун Турксой мамлакатлари кино ташкилотларининг ижодий ва ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштиришнинг янги механизмлари таҳлил қилинди. Илмий конференциялар, кўргазма ва тақдимотлар ҳам ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари