Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданий меросни асрашнинг замонавий ёндашувлари
18:39 / 2025-11-06

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида маданий меросни асраб-авайлашга бағишланган “Ўтмишни асраб, келажакни барпо этиш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Унда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Европа ва Осиё мамлакатларидан 200 нафарга яқин олимлар, амалиётчи ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинарда маданий меросни асраш, замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар ҳамда жамоатчилик иштирокининг ўрни, тарихий иншоотларга иқлим ўзгаришининг таъсири бўйича мутахассислар томонидан маърузалар ўқилди, ўзаро тажриба алмашилди.

[gallery-26109]

– Маданий меросни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фанлараро ёндашувни йўлга қўйиш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш зарур, – дейди ЮНЕСКО лойиҳа раҳбари Меҳрдад Шабаҳанг. – Шу мақсадда Ипак йўли маданий меросининг тарихий аҳамиятини ўрганиш, уни муҳофаза қилиш ва тиклаш ишларини амалга ошириш учун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети олимлари ва тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзим бошчилигимда реставрация, экспедиция ва таълим лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни режалаштирганмиз. Бу ҳамкорлик нафақат илмий салоҳиятни оширади, балки талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун амалиёт мактабига айланади.

“Ипак йўли” халқаро илмий-тадқиқот институти директори, профессор Мавлуда Юсупова ўз чиқишида Ўзбекистондаги меъморий ёдгорликларнинг жаҳон маданий меросидаги ўрни, уларни тиклаш ва муҳофаза қилиш ишларидаги долзарб масалаларга тўхталди. Жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли реставрация ишлари, айниқса, Бухоро, Хива, Самарқанд каби шаҳарлардаги тарихий меъморий иншоотларни қайта тиклаш лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, бугунги кунда нафақат моддий, балки номоддий маданий меросни ҳам тадқиқ этиш, уни илмий асосда ўрганиш ва оммалаштириш зарурлиги айтилди.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари