Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг Туркия Республикасига расмий ташрифининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларини янги, янада мазмунли босқичга кўтарган муҳим воқелик бўлганини қайд этди.
Икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик келгусида ҳам тинчлик, ижтимоий адолат ва умумий тараққиётга хизмат қиладиган намунавий ҳамкорлик модели сифатида ривожланиб боравериши алоҳида урғуланди.
Йиғилишда маданий мерос агентлиги ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, уларни тизимлаштириш ва қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
[gallery-27445]
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, қонунчиликдаги зиддият ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги ваколатли органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА