Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданий мерос соҳасида такрорланувчи функциялар бартараф этилади
14:05 / 2026-02-06

Қонунга шарҳ

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Маданий мерос агентлиги ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонун маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.  

Мазкур қонунда кўзда тутилаётган нормалар ҳақида Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ойдин Абдуллаева батафсил сўзлаб берди:

— Кейинги йилларда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти, тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилиб, бу соҳадаги давлат бошқаруви тизими янада такомиллаштирилди.

Хусусан, маъмурий ислоҳотлар натижасида маданий мерос объектларини аниқлаш, давлат рўйхатига олиш ва муҳофаза қилиш ваколатлари махсус ваколатли органга юклатилган бўлса, маҳаллий ҳокимиятларга эса объектларнинг сақлаш ҳолатини таъминлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш вазифалари белгиланди. Бу амалда марказий ва маҳаллий органлар ўртасида масъулиятни аниқ чегаралаб берди.

Ўтган даврда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ва ҳисобдорлик оширилди. Маданий мерос объектларига етказилган зарар учун маъмурий ва моддий жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, объектларни ўзбошимчалик билан қайта қуриш ёки мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари учун назорат механизмлари жорий этилди.

Яқинда қуйи палатада қабул қилинган Маданий мерос агентлиги ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонун ушбу соҳани ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштиришга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат билан бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, уларни тизимлаштириш ва қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Масалан, Маданият вазирлиги ва Маданий мерос агентлигининг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари аниқ тақсимланмоқда. Унга кўра, номоддий маданий мерос объектларини аниқлаш, уларни рўйхатга олиш ва сақлаш соҳасидаги ваколатлар вазирлик зиммасида қолдириляпти.  

Моддий маданий меросга оид соҳалар, жумладан археология тадқиқотлари, тарихий-маданий экспертиза, давлат кадастрини юритиш, музейлар фаолияти ҳамда маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш билан боғлиқ ваколатлар эса Агентликка бириктирилмоқда.

Ваколатларнинг аниқ ажратилиши номоддий ва моддий маданий меросга нисбатан давлат сиёсатини мақсадли ва изчил амалга ошириш имконини беради. Ҳар бир йўналиш ўз табиатига мос бўлган орган томонидан бошқарилиши натижасида соҳада тизимлилик таъминланади.

Шунингдек, номоддий маданий мерос билан ишлашда ижодий, маърифий ва маданий сиёсат устувор аҳамиятга эга бўлгани сабабли бу ваколатларнинг Маданият вазирлиги зиммасида қолдирилиши анъана, урф-одат ва миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Моддий маданий меросга оид техник, илмий ва назорат талаб этувчи соҳаларнинг Маданий мерос агентлигига бириктирилиши эса шубҳасиз, ихтисослашган ва профессионал бошқарувни кучайтиради.

Умуман олганда, ушбу ваколатлар тақсимоти маданий мерос соҳасида такрорланувчи функцияларни бартараф этиш, давлат бошқарувини оптималлаштириш ҳамда маданий мерос объектларини асраш билан бирга, улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди,

ЎзА