Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси муҳокама қилинди.
Хусусан, Бухоро вилоятида қонуннинг ижро этилиши ҳолати кўриб чиқилди ва бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Ушбу соҳада муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, Бухоро вилоятида 829 объект моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Уларнинг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган ва давлат кадастрлари ягона электрон тизимига жойлаштирилган. Шунингдек, барча объектларга муҳофаза белгилари ўрнатилган.
57 маданий мерос объектини реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун республика бюджети ҳисобидан 2023 йилда 22,7 миллиард сўм, 2024 йилда 42 миллиард сўм ажратилган.

Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилган маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларига қўшимча равишда 89,7 миллиард сўм йўналтирилган.
Давлат ҳисобига олиш мақсадида 72 янги маданий мерос объекти тўғрисида тарихий маданий экспертиза хулосалари тайёрланиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш учун киритилган.
Ўтган йилда ўзбек-итальян реставрация ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Ўрганиш давомида олиб борилган ишлар билан бир қаторда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борлиги аниқланган. Жумладан, 12 объект авария ҳолатида ва 13 объектда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши лозим.
Бухоро тарихий маркази ва унинг ҳимоя зонасида жорий йил давомида маданий мерос объектлари билан боғлиқ 92 қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Аҳоли археология объектларининг 156 тасидан қабристон сифатида фойдаланиб, 9 ҳолатда объектнинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний қурилмалар жойлаштирилгани маълум бўлди.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларига ўрнатиш тақиқланиши белгиланган бўлса-да, 20 объектга ташқи реклама ноқонуний ўрнатилган.
Маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида тегишли йўл кўрсатгичларини ўрнатиш ишлари якунига етказилмаган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича бириктирилган жамоатчи инспекторларнинг фаолияти самарали ташкил этилмагани таъкидланди.
Муҳокама жараёнида Ўзбекистонда айрим олий таълим ташкилотларида моддий маданий меросни муҳофаза қилишга оид мутахассисликлар мавжуд бўлса-да, реставрациянинг махсус – амалиётга йўналтирилган мутахассисларини тайёрлаш ҳали етарли даражада йўлга қўйилмагани, бу йўналишда кадрлар етишмаслиги қайд этилди.
Бундан ташқари, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни маъмурий ислоҳотлар талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурати мавжудлиги билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА