Ўзбекистонда ҳозирги кунга қадар 8 минг 209 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари аниқланган бўлиб, шундан 4 минг 748 та археология мероси объекти ҳисобланади.
Бугунга қадар республика ҳудудида жойлашган археология объектларига 2 минг 289 та муҳофаза белгиси ўрнатилган, 4 минг 438 та кадастр йиғма жилди шакллантирилган, 4 минг 144 та маданий мерос объектининг кадастр ҳужжати ягона электрон тизимга киритилган ҳамда 2 минг 815 та объектнинг муҳофаза тегралари белгиланган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда соҳа мутахассисларининг маълум қилишича, 2023 йилнинг сентябрь ойига қадар Агентлик ва ҳудудий бошқармалар томонидан жорий йил маданий мерос объектлари ҳамда унинг туташ ҳудудларида 160 та ноқонуний ҳолатлар аниқланган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.

Шундан 25 таси жиноий иш. 23 таси археология ёдгорликлари ва унинг ҳудудида аниқланган ҳолатлардир. 135 та маъмурий иш. Бунда 34 та ҳолат археология ёдгорликлари ҳудудларида қайд этилган.
2023 йилнинг 8 ойи давомида археология тадқиқотларини олиб бориш учун 108 та рухсатнома расмийлаштирилди. Рухсатноманинг 78 таси археологик қазув учун, 30 таси археологик қидирув учун тақдим этилган. Шундан 20 га яқини халқаро қўшма экспедиция ҳисобланади.
Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун Тошкент шаҳар, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах Тошкент вилоятлари томонидан 1 минг 99 та экспертиза хулосалари кўриб чиқилиб, Илмий-эксперт кенгашига киритилди.

Бош прокуратура билан биргаликда йил давомида Тошкент шаҳар, Жиззах, Хоразм, Навоий, Қашқадарё, Тошкент, Бухоро вилоятларидаги археология мероси объектларининг муҳофаза ва сақланиш ҳолати ўрганилди. Жумладан, Бухоро вилоятида жойлашган 287 та археология мероси объектидан 272 тасида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу жами объектларнинг 95 фоизини ташкил этади. Ўрганилган объектлардан 156 таси қабристонларга айлантирилган, 5 тасига зарар етказилгани аниқланди.
Бундан ташқари 2023 йилда музейлаштириладиган археология объектларида тадқиқотлар давом этмоқда. Маданий мерос агентлигининг 2023 йилда музейлаштириладиган археология ёдгорликларига жами 4 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш институти томонидан объектларнинг асрашга доир ишлар таклиф лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК томонидан экспертиза ўтказилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА