Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданий-маърифий ҳаётни юксалтиришга эътибор қандай?
16:01 / 2021-04-01

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан аҳолининг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси масалаларига оид матбуот анжумани ташкил этилди.

Вазирликнинг Маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жамшидбек Ниёзбеков ва бошқалар мамлакатимизда миллий маданият ва санъат ривожи масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йиллар давомида қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари соҳа ривожида янги босқични бошлагани, бу йўналишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, жорий йил аввалида Ўзбекистон Республикасининг «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Сир эмаски, илгарилари маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш ва бошқа қатор муҳим ҳуқуқий нормаларни қамраб олинган.

Соҳа ривожи йўлидаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда кўплаб маданий-маърифий муассасалар ташкил этилди. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Ўзбек Миллий мақом санъати маркази, «Баҳор» давлат рақс ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси, Мусиқали мақом театри ва бошқа маданий муассасалар шулар жумласидандир. Анжуманда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда 11 та музей ташкил этилди. Қўқон шаҳрида Буюк алломалар музейи, пойтахтимизда Абдулла Қодирий уй-музейи, мемориал музейи, Шаҳрисабзда Мақом музейи каби мозийгоҳлар шулар жумласидандир. Айни пайтда аҳолини музейлар, театрлар, маданият масканларига кенгроқ жалб этиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди. Бу борада самарали тарғибот ишларини олиб боришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Анжуманда одамларнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтиришда ўзига хос аҳамият касб этувчи маданият масканлари фаолияти хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Мамлакатимиздаги мавжуд 826 та маданият марказларининг фаолияти йўлга қўйилгани ҳолда уларнинг барчасида ҳам шароитлар, моддий техника базаси талаб даражасида эмаслиги, бу борада ҳали амалга оширилажак ишлар бисёр эканлиги айтилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида янги маданият масканларини қуриш, мавжудларини тубдан реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг асносида кейинги йилларда кўплаб маданият марказлари янги қурилди, тўлиқ таъмирланди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Шу билан бирга 79 та маданият маркази ўз биносига эга эмаслиги афсусланарли ҳолатдир.  

Ғоят мураккаб кечган пандемия шароитида ҳам Маданият вазирлиги томонидан турли он-лайн лойиҳалар, масофавий фестиваллар, ижодий кўрик-танловлар, ранг-баранг лойиҳалар ўтказилди. Ўнга яқин шундай он-лайн фестиваллар мусиқа, рақс, бахшичилик, эстрада ва бошқа санъат йўналишларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бу каби ижодий танлов ва фестивалларни ўтказишга янада кўпроқ аҳамият қаратилмоқда. «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида қўшиқлар танлови, «Янги Ўзбекистонда – янгича дунёқараш» шиори остида видеоролик ва қисқа метражли фильмлар танловини ва бошқа кўплаб ижодий лойиҳалар шулар жумласидандир.

Анжуманда аҳолини маданий-маърифий муассасаларга кенгроқ жалб этиш бўйича истиқболдаги режалар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.

Назокат Усмонова, ЎзА