Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданий ҳамкорликни ривожлантириш - ШҲТнинг устувор вазифаси
20:46 / 2022-05-19

Тошкентда 19 май куни Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Анжуманда ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият соҳаси ривожи учун масъул идоралар раҳбарлари ва ташкилот Бош котиби Чжан Мин иштирок этди.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маданият соҳаси ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди, мамлакатимизда маданий дипломатия пайдо бўлди, хорижий давлатлар, халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик фаоллашди - деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков. - Давлатимиз йирик халқаро маданий фестиваль, тадбирларни ўтказиш бўйича бой тажрибага эга. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда “Мақом санъати”, “Бахши”, “Шарқ тароналари”, “Лазги” рақси” каби халқаро фестиваллар ўтказилиши анъанага айланди. Мазкур нуфузли тадбирларда сайёрамизнинг турли минтақаларидан вакиллар иштирок этмоқда.

Шубҳасиз, бундай анжуманлар миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, маданий хилма-хилликни, дунё халқларининг кўп асрлик анъана ва одатларини асрашда муҳим аҳамият касб этади.

- Гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ШҲТнинг устувор вазифаларидан бири, - деди ШҲТ бош котиби Чжан Мин. ­– Ўтган 20 йил ичида ШҲТ гуманитар соҳада самарали натижаларга эришди. Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даври учун ишлаб чиқилган режада йигирмага яқин маданий-гуманитар тадбир белгиланган. Томонларнинг қатъий қўллаб-қувватлаши туфайли барча анжуманлар юқори савияда ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан маданий-гуманитар ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида Самарқандда бўладиган давлат раҳбарлари Саммитида қабул қилиниши учун тақдим этиладиган бир қатор ҳужжатлар муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжатлардан бири - ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ўртасида музей ишлари соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум лойиҳаси бугунги учрашувда кўриб чиқилмоқда. Умид қиламизки, атрофлича муҳокама қилингач, ҳужжатни қабул қилиш бўйича бир тўхтамга келинади.

[gallery-7180]

Йиғилишда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойили асосида янада ривожлантириш зарурлиги тасдиқланди. Ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг аввалги учрашувлари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Соҳа масъуллари пандемия шароитида аҳолини қўллаб-қувватлашда маданиятнинг роли ва ижобий таъсирини бир овоздан эътироф этишди. Халқлар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш туйғусини мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлаб қолиш, турфа маданият, урф-одат ва анъаналар ҳақидаги билимларни кенгайтириш мақсадида кино, театр, кутубхона ва музей соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишдан барча томонлар манфаатдор экани қайд этилди.

Вазирлар қўшма маданий тадбирлар амалга ошириш муҳимлигини, кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича шериклар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмини янада такомиллаштириш зарурлигини маъқулладилар.

Учрашув якунида мутасаддилар Варанаси шаҳри (Ҳиндистон Республикаси) номзодини “ШҲТ давлатларининг сайёҳлик ва маданий пойтахти” мақомига тасдиқлаш тўғрисида қабул қилинган қарорни якдил қўллаб-қувватлади. Маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида санъат фестиваллари, танловлар, форум, илмий анжуман ва бошқа турдаги маданий тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш, таълим, маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлик билдирилди.

Йиғилиш иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ваколатли идоралари ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳасини маъқуллаб, ШҲТ Котибиятидан ушбу ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида имзолаш масаласини белгиланган тартибда ҳал этиш учун ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашида кўриб чиқишга тақдим этишни сўрадилар.

ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг йигирманчи йиғилишини 2023 йил Ҳиндистон Республикасида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

ШҲТ майдонида маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш тузилмага аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА