Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси
16:34 / 2022-05-18

Шу йилнинг 18-19 май кунлари Тошкент шаҳри Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари маданият соҳаси вакилларига мезбонлик қилади.

Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) аъзо-давлатларни сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва савдо, маданият ва гуманитар алмашинув соҳасидаги ҳамкорлик йўналишида бирлаштирадиган ягона платформа ҳисобланади.

ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Бу борада маданий-гуманитар, ижтимоий ҳамкорлик масалаларига эътиборни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган вақт мобайнида ШҲТга аъзо мамлакат вакилларининг маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлиги тобора кенгайгани минтақада ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик, яхши қўшничилик алоқаларини кенг йўлга қўйишда асосий омил бўлмоқда.

Тошкент шаҳрининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари маданият соҳаси вакилларига мезбонлиги доирасида бир қатор муҳим тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Жумладан, 19 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг маданият вазирлари учрашуви бўлиб ўтади. Унда ўтган йиллар мобайнида маданий-гуманитар йўналишда қилинган ишлар атрофлича таҳлил ва муҳокама этилади. ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият соҳаси вакилларининг келгусидаги режалари белгилаб олинади. Шу билан бирга, турли халқлар, миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, уларни яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ҳурмат асосида уйғунликда ривожлантириш, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг  кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари ҳақидаги билимларни кенгроқ оммалаштириш зарурлигига эътибор қаратилади.

20 май куни эса ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий- гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Мазкур йирик халқаро анжуманда ҳам ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

Буларнинг барчаси дўстлик, ҳамжиҳатлик, маданият соҳасидаги муносабатларимизни янада янги ва юқори поғонага олиб чиқишга хизмат қилади.

   Назокат УСМОНОВА, ЎзА