Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган форум давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни яратиш борасидаги муҳим ташаббусининг намунасидир. Маълумки, Тошкент вилояти кўпмиллатли ҳудуд ҳисобланади. Аҳолининг кўп қисми икки тилли, яъни ўзбек ва рус тилларини яхши билади.
Мақсад, хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганиш усулларини муҳокама қилиш, чет тилларини ўқитиш соҳасида халқаро ташкилотлар, таълим муассасалари ва вилоят ҳокимлиги ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат. Таълим соҳасидаги тажрибали экспертлар иштирок этган форумда онлайн қатнашган Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев барчани ушбу ташаббус билан табриклаб, унинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Д.Ҳидоятов, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва бошқа иштирокчилар сўзга чиқиб, чет тилларни ўрганишнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, аҳоли ўртасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш ва муккамал ўзлаштирилишини таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида чет тилларини ўқитиш бўйича халқаро миқёсда тан олинган дастурлар ва дарсликларни татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Таъкидлаш керакки, тил ўрганиш бўйича аҳолининг барча тоифасига мос келадиган услуб ва тавсияларни ишлаб чиқиш "боғча - мактаб - олий ўқув юрти - корхона" тамойили асосида амалга оширилади.
Бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш, жойларда аҳоли, айниқса, ёшларга қулайлик яратиш юзасидан зарур таклифлар билдирилди.
– Форумда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини қисқа мудатларда инглиз тилига ўқитиш, малакасини ошириш бўйича фаолият юритаётган таълим лабораториясини тақдимот қилдик, – дейди Зангиота туманидаги 33-мактабгача таълим ташкилоти директори Ҳилола Дўстмуҳаммедова.
[gallery-3059]
– Хусусан, МТТ педогоглари 4 ой давомида инглиз, рус тиллари, ментал арифметика ва нутқ маданияти бўйича билимларини мустаҳкамлайди. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда ягона бўлиб, ҳозиргача Зангиота, Чиноз ва Тошкент туманидаги МТТларнинг 300 нафардан зиёд ходими қайта тайёрловдан ўтди ва уларга сертификатлар берилди. Айни пайтда бошқа ҳудудлардан ҳам қизиқувчилар кўпаймоқда.
Шундан сўнг Тошкент вилояти ҳокимлиги ёшларга хорижий тилларни мақсадли ўргатиш бўйича Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ўзбекистон-Япония Инсон ресурсини ривожлантириш маркази (UJC) билан англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ушбу келишувлар доирасида педагогик технологияларни ўзаро алмашиш, ўқитувчилар ва ёшларга хорижий тилларни мақсадли ўргатиш режалаштирилмоқда.
– Мазкур ҳамкорлик бўйича келгусида Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларида корейс тилини бепул ўқитишни режалаштирганмиз, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги таълим маркази раҳбари О Ги Ёль. – Бу аҳоли, айниқса, ёшларнинг Корея давлатида ишлаш ва ўқиши учун хизмат қилади. Эндиликда кўплаб таълим соҳасига оид лойиҳаларда биргаликда ишлаймиз.
Форум асосий тақдимотлардан ташқари шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Жумладан, биринчи блокда катта ёшдаги ўқувчиларга чет тилларини ўргатиш бўйича Британия Кенгаши (British Council) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари томонидан инглиз тили координаторлари томонидан “Чет тилини ўқитишнинг инновацион усуллари ва платформалари”, “APTIS - инглиз тили ўқитувчилари учун дастур", "Ўзбек-япон маркази ва Ўзбекистонда япон тилини ўқитиш” мавзуларида муҳокамалар ўтказилди.
Икккинчи блокда Гёте институтининг немис тили ўқитувчиси Дилфуза Юсупованинг “Болаларга немис тилини ўқитишнинг инновацион усуллари ва техникалари”, “Немис тилини ўқитишда CLIL-MINT усулларидан фойдаланиш" мавзуларида офлайн тақдимотлари қилинди. Учинчи блокда эса Конфуций институти мутахассислари томонидан ёшларга хитой тилини ўқитишнинг усуллари ҳақида маълумот берилди.
Унда қатнашган вилоятидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари муаллимлари малакаларини ошириб, турли мавзуларда фикр алмашди.
А.Мусаев, О.Ғуломов(сурат), ЎзА