Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мадагаскарда сиёсий инқироз
15:33 / 2025-10-19

Мадагаскарда сиёсий вазият кескинлашган. Президент Андри Ражуэлина ҳаётига суиқасд қилингани, ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширгани ҳақида маълум қилди.

У ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаатида “менга қарши бир гуруҳ ҳарбий ва сиёсий шахслар суиқасд уюштирган”, дея баёнот бериб, мамлакатдаги ҳар қандай муаммони Конститутция доирасида ҳал этишга чақирган.

Охирги икки ҳафтада кузатилган оммавий намойиш орқали, асосан, ёшлардан иборат “Gen Z Mada” номли гуруҳ етакчининг истеъфосини талаб қилган. Президент ёшларни тинчлантириш учун ҳукуматни тарқатиб юбориш чораси эса натижа бермади.

Маълум бўлишича, Президент чоршанбадан бери омма олдида кўриниш бермаган. Ҳарбийларнинг давлат телеканалини эгаллаш таҳдиди сабаб, давлат раҳбарининг мурожаати бир неча марта кечиктирилган.

– 25 сентябрдан бери менга нисбатан бир неча марта суиқасд ва давлат тўнтаришига уриниш бўлди, – дейилган Президент баёнотида. – Бир гуруҳ ҳарбий ва сиёсий шахслар ҳаётимга қасд уюштирди. Шундан кейин ўзимни ҳимоя қилиш учун хавфсиз жойга кўчишга мажбур бўлдим.

Президент ҳозир қаедалиги ошкор этилмаган. Айрим манбалар у Франция ҳарбий самолётида мамлакатдан эвакуация қилинган бўлиши мумкинлигини ёзди. Шунингдек, унинг яқин ҳамкори – собиқ Бош вазир Кристиан Нцай ҳамда тадбиркор Маминиайна Раватоманга – Маврикийга қочгани айтилмоқда.

Тўнтаришни ким амалга оширди?

Ражуэлинани 2009 йил CAPSAT ҳарбий бўлинмаси ташаббуси билан ҳокимият тепасига келган. Қизиғи, айнан шу бўлинма энди унга қарши чиқди ва гуруҳни Қуролли кучлар бошқарувчиси, дея эълон қилди. Намойишлар аввал сув ва электр таъминотидаги узилиш сабаб бошланиб, кейин ишсизлик, коррупция ва қимматчиликка қарши умуммиллий норозиликка айланди. Пойтахт Антананариву кўчаларидаги намойишчиларга CAPSAT зобитлари ҳам қўшилган.

Душанба куни ҳарбий қўмондонлар йиғилишида генерал Демостен Пикулас армиянинг янги бошлиғи этиб тайинланди. Шундан сўнг у мамлакатда хавфсизлик ва тартибни сақлаш мақсадида ҳаракатланишини билдирди. Кечқурун генерал давлат телеканалини эгаллаган ҳарбийлар билан музокара олиб борган. Йирик мухолиф партия – TIM вакили ВВС мухбирига билдиришича, мамлакатни ҳозир CAPSAT бошқармоқда. Партия Ражуэлина устидан “лавозимни ташлаб кетиш” айблови билан импичмент жараёни бошланишини маълум қилди.

Сешанба куни Президент саройи олдида CAPSAT қўмондони, полковник Майкл Рандрианирина ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олгани тўғрисида гапирди. Унинг баёнотига кўра, ҳарбийлар икки йил ичида сайлов ўтказиш ва янги ҳукумат тузишни режалаштирмоқда. Қолаверса, бир неча демократик тузилма, жумладан марказий сайлов комиссияси фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, полковник ёшлар бошчилигидаги ҳаракат ҳукумат ислоҳотларига жалб этилишини таъкидлаб, “ҳаракат кўчада бошланган бўлса-да, ёшлар талабига нисбатан ҳурмат билан ёндашиш керак”лигини айтган.

Бунга жавобан Президент девони мазкур қарорни “ҳарбий тўнтаришга уриниш” деб баҳолаб, Ражуэлина ҳануз лавозимдалигини билдирди. Мадагаскар конституциявий суди эса полковник Рандрианирини мамлакатнинг янги раҳбари сифатида тан олганини маълум қилди.

Халқаро муносабат

Президент Эммануэль Макрон Ражуэлина Франция ҳарбий самолёти билан эвакуация қилинганини тасдиқламади, “Мадагаскарда конституцион тартиб сақланиши шарт”лигига урғу берди.

–  Сиёсий фаол ёшлар ўз сўзини айтяпти, яхши ҳаёт кечиришни хоҳлаяпти, – деди Макрон. – Бу ижобий ҳолат. Шу билан бирга ҳаракат ҳарбийлар ёки ташқи кучлар таъсирига тушмаслиги керак.

Африка Иттифоқи Хавфсизлик кенгаши ҳам вазиятнит баҳолаб, “ҳар қандай ноқонуний ҳокимият алмашишини қатъиян рад этамиз”, дея баёнот берди.

Жаҳон банки маълумотига кўра, табиий конларга бой бўлишига қарамай, Мадагаскар аҳолисининг 75 фоизи қашшоқ яшайди. Халқаро валюта жамғармаси (IMF) эса аҳолининг фақат учдан бир қисми электр энергияси билан етарли даражада таъминланганига эътибор қаратган.

БМТ намойишнинг илк кунларида камида 22 киши ҳалок бўлгани, 100 дан зиёд одам яралангани ҳақида баёнот берди. Ҳукумат бу рақамларни инкор этган. Кузатувчилар айтишича, хавфсизлик кучлари намойишни ҳақиқий ўқ билан бостиришга уринган. Кўзни ёшлантирувчи газ таъсирида бир чақалоқ ҳалок бўлгани ҳам айтиляпти.

Андри Ражуэлинанинг ҳокимиятга келиши

Мадагаскар 1960 йил мустақилликка эришгандан бери бир неча бор сиёсий тўнтариш ва оммавий норозиликни бошдан кечирган. 2009 йилдаги намойиш натижасида Президент Марк Раваломанана истеъфога чиқарилиб, ўрнига айнан Ражуэлина келган. Ўшанда 34 ёшли Андри Африкадаги энг ёш давлат раҳбарига айланган. Кейинчалик 2018 йилги сайловда яна ҳокимиятга қайтган эди. Сиёсатга кириб келишидан аввал тадбиркорлик билан шуғулланиб, радиостанция ҳамда реклама агентлиги ташкил этган. Кейинги йилларда унинг номи мансабпарастлик ва коррупция билан боғлиқ айблов билан тилга олина бошлаган.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА