Мадагаскар ҳукумати ҳарбий тўнтаришдан сўнг мамлакатни бошқараётган полковник Майкл Рандрианирина жума куни муваққат давлат раҳбари сифатида қасамёд қилишини билдирди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Олий Конституциявий суд биносида бўлиб ўтадиган маросимда Рандрианирина расман “ўтиш даври президенти” лавозимини эгаллайди. Ушбу тадбир муваққат конституциявий декларацияда назарда тутилган “миллий тикланиш жараёни”нинг бошланиши сифатида қайд этилган.
Мамлакат раҳбарлигига тайинланган ҳарбий мулозим ўтиш даврида жамоат тартибини тиклаш, янги конституция ишлаб чиқиш ва сайлов ўтказишга ваъда берди. Шундан сўнг ҳокимият фуқаролик ҳукуматига ўтади.
Мадагаскардаги оммавий норозилик электр ва сув таъминотидаги узилиш туфайли сентябрь ойи охирида бошланиб, тез орада ҳукуматга қарши намойишга айланди. Тўқнашув чоғи 22 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам яраланди. Айрим ҳарбий хизматчилар халқ билан бирдамлик изҳор этиши ҳукмрон тузилма ичидаги келишмовчиликни янада кучайтирди.
RFI радиоси ахборотида Президент Андри Ражоэлина Франция Қуролли кучларига тегишли самолётда мамлакатни тарк этгани айтилган.
14 октябрь куни Ражоэлина Миллий Ассамблея тарқатилишини эълон қилди. Парламент эса тезда навбатдан ташқари сессияга йиғилиб, уни лавозимидан четлатиш учун овоз берди.
Бир неча ҳафта давом этган оломон норозилигидан сўнг полковник Майкл Рандрианирина қўмондонлиги остидаги ҳарбийлар президент саройига кириб, ҳокимият эгаллангани, Конституция амалиёти тўхтаб туришини эълон қилди.
Ҳарбий қўмита Миллий Ассамблеядан ташқари барча давлат муассасалари фаолияти вақтинча чекланиши тўғрисида қарор чиқарди.
М.Пирматова, ЎзА