Мадагаскар соҳилида кема ҳалокати туфайли қанча одам ҳалок бўлгани маълум қилинди
Мадагаскар соҳилида йўловчи кемаси ҳалокатга учради. Натижада камида 17 киши ҳалок бўлган, тахминан 60 киши бедарак йўқолган, дейилади Франс Пресс агентлиги тарқатган хабарда.
Маҳаллий денгиз ва дарё поромлари бошқармасидан маълум қилинишича, кема ёғочдан ясалган бўлиб, одам ташиш учун лицензияси ҳам бўлмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, душанба куни эрталаб кеманинг двигатели ишдан чиққан бўлган. Шундан кейин кема ўз йўналишини йўқотиб, қояга бориб урилган.
"Кема бортида 130 нафар йўловчи бўлган, уларнинг 45 нафари қутқариб олинган, қидирув ишлари давом этмоқда", – дейилади хабарда. Қутқарув ишларига полиция бўлимлари, ҳарбий денгиз кучлари ҳамда маҳаллий аҳоли сафарбар этилгани айтилмоқда.