Оқ уйда бўлиб ўтган навбатдаги учрашув халқаро сиёсатда янги рамзий баҳсни юзага чиқарди. Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо ўзининг Тинчлик йўналишидаги Нобель мукофоти медалини АҚШ Президентига топширди. Бундай қарор замирида нафақат миннатдорлик, балки Венесуэланинг сиёсий келажагига таъсир ўтказиш мақсади яширинган дипломатик уриниш ётгани сезилади.
Трамп совғани сақлаб қолиш ниятида эканини Оқ уй расмийси тасдиқлади. Президентнинг ўзи эса ижтимоий тармоқда бу ҳолатни “ўзаро ҳурматнинг ажойиб рамзи” сифатида баҳолади. Чоп этилган суратда Трамп кўтариб турган олтин ранг рамкадаги медалга “Куч орқали тинчликни илгари суришдаги фавқулодда етакчилик учун” ёзуви туширилган.

Мачадо таъкидлашича, мазкур ҳадя Трампнинг “Венесуэла халқи эркинлигига нисбатан садоқати” эътирофини ифодалайди. Сиёсий таҳлилчилар эса ҳодисани рамзий дипломатия, ҳатто, муайян маънода сиёсий босим воситаси, дея баҳоламоқда. Аввалроқ Мачадони Венесуэла раҳбари сифатида қўллаб-қувватлаш ғояси мавжудлиги инкор қилинган эди.
Муҳими, Нобель институти расман таъкидлаганидек, ушбу мукофот бошқага топширилмайди, бўлишилмайди ва қайтариб олинмайди. Яъни, мукофот ҳуқуқий жиҳатдан Мачадонинг ўзига тегишлилигича қолади. Айни ҳолат воқеага янада сиёсий-рамзий тус бермоқда.
Қўшма Штатлар етакчиси эса ушбу мукофотга қизиқишини ҳеч қачон яширмаган. Ўзининг турли дипломатик ташаббусларини айнан шу мукофотга интилиш билан боғлаб келган. Шу жиҳатдан медаль қабул қилиниши шахсий иштиёқ ва халқаро сиёсий ҳисоб-китоб туташган нуқта сифатида намоён бўлди.
Умуман, Трамп ва Мачадо ўртасидаги илк юзма-юз мулоқот нафақат икки шахс, балки АҚШ ва Венесуэла мухолифати ўртасидаги мураккаб муносабатда янги саҳифа очгани билан ҳам аҳамиятли. Асосий савол эса ҳамон жавобсиз: рамзий учрашув ҳақиқий сиёсий ўзгаришларга йўл очадими ёки тарихда яна бир баҳсли ишора сифатида қолиб кетаверадими?
Мусулмон Зиё, ЎзА