English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулот сифати – саломатлик кафолати
14:54 / 2015-12-23

Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида микроэлементлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Нон маҳсулотлари тайёрлашда бойитилган ундан фойдаланилаётгани аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бойитилган буғдой унида темир, рух каби инсон организми учун ғоят фойдали бирикмалар бўлиб, бу камқонликнинг олдини олиш, турли касалликларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 майдаги “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори асосида мамлакатимиз ҳудудида биринчи нав буғдой уни ва ош тузи микронутриентлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқарилиши ва сотилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги “2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятида биринчи нав бойитилган ун ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Аҳолини бойитилган ун билан таъминлаш мақсадида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Дилмурод Ҳайдаров. – Бойитилган ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 2-тегирмон цехи модернизация қилинди. Цехга қарийб 2 миллион 460 минг долларлик замонавий технологик линия ўрнатилди. Натижада 2015 йилнинг ўтган даврида 36,4 минг тонна бойитилган ун ишлаб чиқарилди.

Корхона томонидан 2015 йилда 700 миллион сўм эвазига аҳоли турар жой массивлари ва кўп қаватли уйлар атрофида замонавий новвойхоналар барпо этилди. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайди. Корхона тасарруфидаги новвойхоналар сони олтитага етди.

Корхона таркибида янгидан ташкил этилган лаборатория синов маркази тегирмонларга узатилаётган буғдой ҳамда тайёрланаётган уннинг сифатини доимий назорат қилиб боради.

– Уннинг сифати буғдойга боғлиқ, шу боис, аввало, тегирмонга жўнатиладиган буғдойнинг сифатини назоратдан ўтказамиз, – дейди лаборатория синов маркази мудири Шамсиддин Ҳотамов. – Замонавий ускуналар ёрдамида буғдойнинг тўқлиги, қаттиқлиги ўрганилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бойитилган унга қўйиладиган асосий меъёрий талаб, яъни бир тонна ун таркибида 120 грамм минерал аралашмасининг бўлиши доимий назорат остига олинади.

Мухтасар айтганда, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, халқимиз дастурхонини юртимизда етиштирилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, оилаларда тўғри овқатланиш тамойилларини тарғиб этишга қаратилаётган ишлар аҳоли саломатлигини асраш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.