Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадимиз – юқори экспорт салоҳиятига эришиш
17:18 / 2019-12-05

Мамлакатимизда жорий этилган янги тизим – кластерлар институти амалда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.


Мамлакатимизда жорий этилган янги тизим – кластерлар институти амалда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалигида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, маҳсулот етиштиришнинг инновацион усулларини яратиш, уларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш йўналишларида бир қанча ютуқларга эришилаётир.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти ҳам мана шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келаётган корхоналардан.

Ўтган йилнинг март ойида фаолиятини бошлаган мазкур саноат корхонасида айни пайтда биринчи босқич лойиҳалари тўлиқ амалиётга татбиқ этилиб, йилига 2 минг 100 тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида 155 нафар янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Корхона жамоаси фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида иккинчи босқич лойиҳасини ҳам бошлаб юборган.

– Иккинчи босқичда қўшимча ип-калава ва трикотаж, тўқима матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, – дейди корхона раҳбари Ғолибжон Эрқулов. – Шунда корхонада йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилса, шунинг 4 минг тоннасидан трикотаж, тўқима матолар тайёрланади. Ушбу лойиҳа 2020 йилнинг июнь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Учинчи босқичда эса чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар чуқур қайта ишланиб, йилига 4 миллион дона кийим-кечак тикиш йўлга қўйилади.

Албатта, йирик миқдорда ип-калава тайёрлаш учун кўп миқдордаги пахта хомашёсига эҳтиёж сезилади. Шу боис корхона кластерлик фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Жорий йилда тумандаги фермер хўжаликлари билан шартнома асосида 2 минг гектар ерда пахта етиштирилди. Кейинги йилда жами 7 минг гектар ерда пахта етиштириш мўлжалланмоқда.

Корхона вакилларининг таъкидлашича, ғўза парваришида самарадорликка эришиш мақсадида 6 та замонавий ҳайдов трактори харид қилинган. 2020 йилда яна қўшимча 4 ҳайдов, 4 пахта териш ва 30 дан ортиқ чопиқ трактори сотиб олиниши мўлжалланмоқда.

– Мақсадимиз – пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаб, экспортёр корхонага айланиш, – дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Мирза Шарипов. – Шунинг учун 2020-2021 йилларда Косон пахта тозалаш заводи сотиб олиниб, тўлиқ қайта реконструкция қилинади. 2021 йилда Косон пахта тозалаш заводи қошида замонавий пахта ёғини ишлаб чиқариш заводи ишга туширилади. Бунинг учун ҳозирги кунда керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Лойиҳалар тўлиқ амалиётга татбиқ этилгандан сўнг, жами 5 минг нафар ишчи ишлайдиган, йилига 25 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга корхонага айланамиз.