French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш
18:24 / 2014-12-24

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар адлия ва Давлат солиқ бошқармалари мутахассислари тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароит яратди. Мазкур ҳужжат асосида хусусий секторнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани тадбиркор ҳамда ташаббускор мулкдорлар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.

– Жорий йилда тадбиркорликка оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинарлар, давра суҳбатлари, “Тадбиркорлар кунлари” ташкил этилди, – дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Беҳзод Иброҳимов. – Мазкур тадбирларда кичик бизнес вакилларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган имтиёзлар ҳақидаги билим ва тушунчаси янада бойитилди.

Семинар-тренингда бизнесни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш масалалари хусусида сўз юритилди. Шу билан бирга, палатанинг ҳудудий бошқармалари, шаҳар, туман бизнес ҳамда ахборот-маслаҳат марказлари эътиборини Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда жамиятимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш, кичик бизнес субъектларига солиқ соҳасида яратилаётган имтиёз ва афзалликлар тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.