Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги Самарқандда кенг нишонланди
Буюк маърифатпарвар адиб, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган.
Буюк маърифатпарвар адиб, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган. Ёшлигидан илм-маърифатга, адабиётга, сиёсатга қизиқиб, шу йўлда ўқиб-изланган, ўзи ҳам ёзишга, элга маърифат улашишга ҳаракат қилган. Бир неча хориж тилларини ўрганиб, чет мамлакатларда сафарларда бўлган. Маърифатпарварлик ғояларини тарғиб этиб, мақолалар, китоблар ёзган. Халқни илмли бўлишга, ўз ҳуқуқларини англашга даъват этган.
Юртимизда матбуот ва ноширлик фаолиятининг йўлга қўйилиши, театр санъатининг асоси ва ривожи Маҳмудхўжа Беҳбудий номи билан боғлиқ. Бу улуғ сиймо таваллудига 145 йил тўлди. Шу муносабат билан Самарқандда “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳафталиги” ўтказилмоқда.

20 январь куни дастлаб буюк маърифатпарвар ҳайкали ўрнатилган Самарқанд вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида маърифий тадбир ўтказилди.
Самарқандлик ёзувчи ва шоирлар, журналист ва театршунослар, илм-фан ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жам бўлган тадбирда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, илмий-ижодий мероси ва кейинги пайтда уни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист ёзувчи Нусрат Раҳмат ва бошқалар Маҳмудхўжа Беҳбудий ғоя ва қарашлари, у ёзган асарлар бугунги кун учун ҳам долзарб аҳамият касб этиши ва бу маънавий меросдан ёшларни баҳраманд қилиш зарурлигини таъкидлади.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов айни пайтда Самарқанд шаҳрида буюк маърифатпарвар уй-музейини ташкил этиш, шаҳарнинг марказий ҳудудларидан бирида унинг муҳташам ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

– Маърифатпарвар бобомиз маънавий меросини ўрганиш ва номини улуғлаш борасида кейинги пайтда салмоқли ишлар амалга оширилаётганидан хурсандмиз, – дейди Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг набираси Шоҳрух Беҳбудий. – Ана шу эътибор туфайли бу йил бобомиз таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу тадбирларнинг, эзгу ишларнинг бошида турган инсонлардан миннатдормиз.
Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд давлат университетида “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва барҳаёт ғоялар” мавзусида адабий кеча ташкил этилди. Унда Беҳбудий ташаббуси билан ташкил этилган “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журнали, яратилган дарсликлар, ноёб илмий ва бадиий асарлар ҳақида сўз борди.

Вилоят мусиқали драма театрида эса адиб қаламига мансуб “Падаркуш” драмаси яна бир бор намойиш этилди. Ушбу драма дастлаб, 1914 йилда шу театрда саҳналаштирилган эди.
Вилоятда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги тадбирлари давом этмоқда.
