French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумлик – маҳрумлик эмас
16:04 / 2019-10-25

Ҳар бирининг қадри, шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари бор.


Ҳаёт йўллари турфа. Баъзан ўнқир-чўнқир, баъзан баланд-паст. Ҳар ким ҳам бу йўлларни бир текис босиб ўтолмайди: кимдир қоқилади, кимдир йиқилади, яна кимдир эса билиб-билмай хатога йўл қўяди. Жазони ижро этиш муассасаларидаги аксарият маҳкумлар тақдири бунга мисол.

Оқ-қора кўчаларда тўғри йўлни йўқотганлар жазони ижро этиш муассасаларида эканининг ўзи оғир, албатта. Лекин оиласи, яқинлари бағридан узоқда, меҳридан айро, мосуво яшашнинг юки уларга берилган жазодан ҳам оғирроқ аслида.

Аммо қандай ва қанақа бўлмасин, уларнинг бари аввало инсон. Ҳар бирининг қадри, шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари бор. Шу боис, улар доимо давлатимизнинг эътиборида, ҳимоясида.

Миллий қонунчилигимизга бу йўналишда киритилаётган янгиликлар, ўзгартишлар бунинг ёрқин далили. Мисол учун, шу йил 5 сентябрда кучга кирган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун асосида озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янгиликлар жорий этилди.

Унга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда янги механизмлар яратилаётгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Яъни қонуннинг 511-моддаси билан озодликдан маҳрум қилинган, жазо муддатини манзил-колонияларда ўтаётган шахсларга пенсия тўлаш ҳуқуқий мустаҳкамланди. Унга мувофиқ, манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза муассаса маъмурияти орқали манзил-колония жойлашган жойдаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топширилади. Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими томонидан тегишли пенсия суммаси маҳкумларнинг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади.

Айни жиҳатлар пенсия ёшига етган ва ногиронлиги бўлган маҳкумларга ногиронлик ва ёшга доир пенсия тўловини жорий этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаши билан муҳим. Бу эса умумэътироф этилган халқаро стандартлар, илғор хорижий тажрибаларга ҳам мувофиқдир.

Умуман олганда, қонунчиликка киритилган янги нормалар маҳкумлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Муҳими, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олади. Қолаверса, қонунга итоаткорлик инсонда меҳнат ва ижтимоий турмуш қоидалари ҳамда анъаналарига ҳурматни шакллантиради.

Тўлқин КАРИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.