Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқалари кенгаймоқда
21:03 / 2015-05-20

“Ўзэкспомарказ”да Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси очилди.

“Ўзэкспомарказ”да Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси очилди.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиёт ва таркибий ўзгаришларнинг муҳим омилидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада салмоқли натижаларга эришилмоқда. Саноат ишлаб чиқариши ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушининг ортиб бораётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу кўрсаткич 2005 йилда 9,2 фоиз бўлган бўлса, 2014 йилда қарийб 20 фоизни ташкил этди.

Президентимизнинг шу йил 11 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича импорт ҳажмини қисқартиришнинг янги йўналишларини белгилаб берди.

Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишда тармоқ саноат ярмаркалари муҳим ўрин тутмоқда. Айнан шу ерда мамлакатимиз тадбиркорлари ва хорижлик ишбилармонлар учрашиб, тажриба ва фикр алмашмоқда, режалар тузмоқда, истиқболда амалга ошириладиган ишлар ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни ўрганиб чиқаётир. Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси ҳам бунинг ёрқин далилидир.

27c.JPG
2014 йилда тармоқ саноат ярмаркасида 135 корхона иштирок этиб, минг турдан ортиқ маҳсулотларни тақдим этган эди. Уларнинг 80 тури Маҳаллийлаштириш дастури бўйича ўзлаштирилган янги маҳсулотлардир. Тадбирда 2,5 мингга яқин киши, жумладан, хорижий фирма ва компанияларнинг вакиллари иштирок этиб, саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш бўйича 150,6 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган. Экспорт шартномаларининг қиймати эса, 3 миллион долларни ташкил қилган эди.

Жорий йилги тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида машинасозлик, электротехника ва авиация саноати, маҳсулотларни стандартлаштириш соҳасининг қарийб 170 корхонаси 1,2 минг турдан ортиқ маҳсулотини тақдим этмоқда.

Мамлакатимиз автомобиль саноати корхоналари кенг турдаги экспозицияси билан иштирок этаётир. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг маҳаллийлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Сардор Жоназаровнинг сўзларига кўра, тармоқнинг ўттиздан зиёд корхонаси 320 дан ортиқ турдаги саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли товарлари, шунингдек, ўзлаштириш учун таклиф этилаётган буюмларни намойиш қилмоқда.

Чунончи, “GM Uzbekistan” заводи “Nexia”, “Lacetti”, “Orlando”, “Malibu” ва бошқа русумдаги автомобилларни, Самарқанд автомобиль заводи эса юк автомобиллари ва автобусларни намойиш этмоқда. Жумладан, шаҳар ва шаҳар атрофида йўловчи ташишга мўлжалланган “Samauto LE60” автобуси саноат форумининг эътиборга лойиқ янгилигига айланди. “MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаси мамлакатимиз махсус техника ишлаб чиқариш соҳасининг юксак салоҳияти ва имкониятини омма эътиборига ҳавола қилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилаётган шторли фургонлар, ўриндиқли тягачлар, самосваллар, автокранлар, турли вазифани бажарадиган йўл машиналарига ички ва ташқи бозорда талаб юқори.

Бу ерда намойиш этилаётган хилма-хил енгил ва юк машиналари, автобус ва махсус техникалар мамлакатимиз автомобиль саноатининг юксак салоҳиятидан далолат беради. Автомобилсозлик саноати корхоналари жаҳон стандартлари асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги турдаги товарлар тайёрлашни ўзлаштириш имконини берадиган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси корхоналари экспозицияси ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. “Artel” савдо белгиси остидаги компаниялар гуруҳи “Shivaki” русумидаги замонавий совутгич, телевизор, микротўлқинли печ, кир ювиш машиналари, янги турдаги мобиль телефонлар, сув иситиш мосламаларини намойиш қилмоқда. Самарқанддаги “Sino” акциядорлик жамияти янги турдаги совутиш ускуналари, “Zenith Electronics” қўшма корхонаси эса компьютерларнинг тизимли блокларини таклиф этмоқда.

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясининг маркетинг, ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Хуршид Юсуповнинг сўзларига кўра, жорий йилда тармоқ саноат ярмаркасида 12 корхона 30 турдан ортиқ янги саноат маҳсулотлари, маиший техника ва мобиль телефонларни намойиш этмоқда. Яқин келажакда соҳа корхоналари янги турдаги телевизорлар, натрий-кальцийли шишадан буюм ва идишлар, маиший ёритгичлар, ичимликларни совутиш ускуналари, электр сув иситиш мосламалари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Тармоқ саноат ярмаркаси қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг сўнгги ютуқлари билан танишиш имконини бермоқда. “Ўзагросаноатмашхолдинг” акциядорлик-холдинг компанияси таркибидаги корхоналар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган сифатли ва юқори самарали техникаларни намойиш қилмоқда.

Жумладан, агрегат заводи 11 турдаги техника, жумладан, сеялка, парракли пуркагич, роторли ўроқ ва майдалагич, минерал ўғит сочадиган техникаларни таклиф этмоқда. “Технолог” акциядорлик жамияти эса сув ва қум сепиш ускуналари, самосвал кузовлари ва пайвандлаш асбоб-ускуналарини намойиш қилмоқда. “Uz CLAAS Agro” ва “Lemken Chirchiq” қўшма корхоналарининг қишлоқ хўжалиги техникалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.

“Ўзагросаноатмашхолдинг” акциядорлик-холдинг компанияси маълумотларига кўра, ўтган йилги саноат форумида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари қишлоқ хўжалиги техникаси ва бутловчи қисмлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 168 миллиард сўмлик 70 дан ортиқ шартнома имзолаган. Жорий йилда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобидан 100 дан ортиқ шартнома имзоланиши режалаштирилмоқда. Яқин келажакда соҳа корхоналари томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида универсал ишлов бериш трактори, тиркамали озуқа ўриш комбайни, органик ўғит сочадиган техника, механик курак ва бошқа зарур техникалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.