Маҳаллийлаштириш кўлами кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.“Vesta Electric” хорижий корхонасида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиётни янада барқарор ривожлантириш, унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига янги ва самарали технологияларни жорий этишни жадаллаштиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу боис мамлакатимизда маҳаллийлаштириш саноатни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш ҳамда замонавий рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни таъминламоқда.
2010-2014 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошираётган корхоналар томонидан қиймати 46 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Ўтган даврда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 баробар ўсди.
Алюминий ва ПВХ профилли эшик ҳамда ромлар учун аксессуар ва бутловчи қисмлар тайёрлайдиган “Technology De Lavenir” масъулияти чекланган жамияти, электротехника маҳсулотлари, жумладан, энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқарадиган “Vesta Electric” хорижий корхонаси ва “Plastic Modernity” қўшма корхонаси импортни қисқартириш жараёнида иштирок этаётган корхоналар жумласидандир.
Давра суҳбати иштирокчилари ушбу корхоналар фаолияти, улардаги ишлаб чиқариш технологиялари ва маҳсулотлар билан танишди. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига янги имтиёз ва преференциялар бериш, бизнесни юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Давра суҳбатида соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.