Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий ҳокимликлар ваколати оширилмоқда
12:20 / 2017-11-21

Мамлакатимиз бюджет тизимида биринчи марта Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида туман ҳокимликларининг мустақиллигини ошириш, молиявий имкониятларини кенгайтиришга кенг йўл очиб берилди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 апрель куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиз бюджет тизимида биринчи марта Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида туман ҳокимликларининг мустақиллигини ошириш, молиявий имкониятларини кенгайтиришга кенг йўл очиб берилди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 апрель куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июндаги “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини барқарор молиялаштириш ва шу асосда аҳолининг реал даромадлари, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини мустаҳкамлаш мамлакат бюджет сиёсатининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шу пайтгача пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда туман ва шаҳар бюджетларининг қўшимча манбаларини бошқариш, шаҳар бюджет ижроси жараёнида зарур ҳолатларда бюджет параметрларига ўзгартириш киритиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг рухсати билан амалга оширилган бўлса, эндиликда бу ваколатлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрига ўтказилди.

Бюджет соҳасида амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар марказий бўғин ваколатларининг босқичма-босқич қуйи бўғинга ўтказилишига замин яратмоқда. Бошқарув органлари тасарруфидаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга ҳуқуқлар, хусусан, бюджет ташкилотлари, коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш харажатлари қуйи бўғинга берилди.

Маҳаллий ҳокимият органлари туман бюджети даромадларининг режадан ортиқ қисмини турли тадбирлар, раҳбар кадрларни моддий рағбатлантириш ҳамда қуйи бюджетларни қўшимча молиявий манбалар билан таъминлашга йўналтириш, бюджет ташкилотлари ва уларнинг штатларини мақбуллаштириш, маҳаллий бюджет захира жамғармасини ташкил этиш ваколатига эга бўлди. Асосийси, юқори турувчи молия идоралари энди туманларнинг тасдиқланган даромадлари параметрига ўзгартириш кирита олмайди.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан маблағ олувчи бюджет ташкилотларининг 88 фоизи туман маҳаллий бюджетига ўтказилди. Жумладан, 802 халқ таълими муассасаси, 93 поликлиника ва диспансер, 33 маданият уйи, 11 туман ҳокимлиги, 503 ўзини ўзи бошқариш органи, 11 ижтимоий ёрдам ва ижтимоий мослашув маркази, 11 ободонлаштириш бошқармаси молиявий таъминоти, шунингдек, шу пайтгача долзарб муаммолардан бири бўлиб келган ички йўлларни таъмирлаш харажатлари ҳам туманлар бюджетидан молиялаштириладиган бўлди.

Туманлардаги 18 махсус, алоҳида режимдаги мактаб ва интернатларни сақлаб туриш харажатлари, туман маҳаллий бюджетидан маблағ олувчи 284 та мактаб ходимлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда уларнинг ягона ижтимоий тўлов бўйича харажатлари шаҳар бюджетидан трансферт сифатида қоплаб берилиши жорий қилинди.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети мисолида амалга оширилган тажриба ўз самарасини бериб, айрим турдаги солиқ даромадлари туман даражасида маҳаллий бюджетга тўлиқ бириктириб берилиши, туман ҳокимликлари учун маҳаллий бюджетга тушган қўшимча даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш имкониятини яратди.

Бу борада агар, айнан туман маҳаллий бюджетига бириктириб берилган 6 турдаги даромадлар тушуми бўйича солиштириш ишларини ўрганадиган бўлсак, 2017 йилнинг учинчи чорагида маҳаллий бюджетга қўшимча 66,8 миллиард сўм маблағ ундирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.

Пойтахтимизда жорий қилинган мазкур янги тартиб натижасида маҳаллий бюджет ҳисобига келиб тушган қўшимча маблағлар биринчи навбатда, туманлардаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, кўчаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига, қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг ички ҳудудига ичимлик суви ва оқова тармоқларини ўтказиш, кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритгичларни ўрнатишга, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, туманларда ташкил этилаётган шаҳар ички ишлар бўлимларини ҳамда профилактика нозирлари учун ажратилган хонадонларни таъмирлашга йўналтирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур чора-тадбирлар маҳаллий бюджетларнинг марказга боғлиқлигини кескин камайтириб, стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, фаол инвестиция сиёсатини олиб боришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга замин яратади.

Ботир Нурматов,

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги
Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотлари
молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини
тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази директори.