Маҳаллий маҳсулотларни бозорда сотиш нега қийин?
Негадир аҳолини маҳаллий маҳсулотга бўлган ишончи сустроқ. Баъзида бозорга ўзнинг янги маҳсулотини олиб чиққан тадбиркор харидор кутавериб, зерикканидан текинга бўлса ҳам ташлаб кетгиси келиб қолиши ҳам сир эмас.
Негадир аҳолини маҳаллий маҳсулотга бўлган ишончи сустроқ. Баъзида бозорга ўзнинг янги маҳсулотини олиб чиққан тадбиркор харидор кутавериб, зерикканидан текинга бўлса ҳам ташлаб кетгиси келиб қолиши ҳам сир эмас.
– Аҳоли Италия, Германиянинг маҳсулотларига ўрганиб қолган, деди “Pergament Quality Exclusive” корхонаси таъсисчиси Аваз Ғайбуллаев. – Дастлаб бозорга олиб чиққан маҳсулотларимизни ҳеч ким олишни истамади, кўриб, ўтиб кетаверади. Шунда “олинглар, ишлатиб кўринглар, ёқса пулини берасизлар”, дейишгача бордик. Албатта, иш бошлашдан олдин биз бундай мураккабликларни вазиятга олган эдик.
Тадбиркор аслида гулқоғоз ишлаб чиқаришни тасодифан бошлагани йўқ. У иш бошлашдан олдин қарийб тўрт йил бозорни ўрганди. Ўша вақтда мамлакатимизда ушбу маҳсулот тўлиғича импорт ҳисобидан қопланиб, йилига хориждан 10-12 миллион ўрам гулқоғоз олиб келинар эди. Бунёдкорлик ишлар йилдан-йилга жадал тус олиб, кўплаб тураржойлар барпо этилаётганини инобатга олсак, бу маҳсулотга бўлган талаб асло камайгани йўқ.
– Корхонамиз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона флезилин асосли винил гулқоғозлар ишлаб чиқаради, – дейди А. Ғайбуллаев. – Йилига 2 миллион 640 минг ўрам маҳсулот ишлаб чиқариб, импортнинг 10 фоизини қоплаяпмиз, холос. Шу боис бу миқдор билан чекланиб қолмасдан келгуси йилдан иккинчи линияни ишга туширмоқчимиз. Ана шунда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравар ошади. Хомашёнинг 30-40 фоизини маҳаллийлаштириш, турдош қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Айни вақтда “Suzane” брендини танлаган корхонада ҳар дақиқада 5 ўрам гулқоғоз ишлаб чиқарилмоқда. Бундай номни танлашга эса деворларимизни безаган кашта-ю сўзаналар сабаб бўлган экан. Балки, гулқоғозлар яратилишига биздаги миллий урф-одатлар сабаб бўлгандир.
Корхона жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 39 миллиард сўмлик гулқоғоз ишлаб чиқариб, 1,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Асосий харидор қўшни давлатлар бўлиб, шу кунларда Озарбайжон ва Ҳиндистонга етказиб бериш борасида келишувлар имзоланган.
Офис ва хонадонлар учун, балки меҳмонхона, ресторан ва бошқа сайёҳлар ташриф буюрадиган биноларни безашга мўлжалланган гулқоғозлар тури қанча кўп бўлса, харидорлар сони шу қадар ортишини ҳисобга олган тадбиркорлар 140 хил дизайнда маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Ўтмишимиз, тарихимизни гулқоғозларда акс эттиришни мақсад қилган корхона дизайнерлари турли гуллар ва миллий нақшлар билан бир қаторда миноралар суратини чизиш ишларини бошлаб юборишган. Бундай янги кўринишдаги гулқоғозларга хорижда талаб юқори бўлиши ва кўпчиликка манзур бўлиши кутилмоқда.
– Гулқоғозлар эни 53, 70, 1,6 узунликда бўлади, – дейди савдо директори Жаҳонгир Раҳимжонов. – Биз харидорлар қизиқиши ва талабани ҳисобга олган ҳолда кўпроқ 1,6 энликдаги маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдамиз. Бозорда гулқоғоз жуда кўп. Шунинг учун бозорда қайси гулдаги маҳсулотимиз кўпроқ сотилаётгани ҳар куни ўрганилади. Қайси бири яхши сотилаётган бўлса, шу туридан кўпроқ ишлаб чиқарамиз.
Германиянинг “Olbrich GmbH” компаниясига тегишли илғор технология ва ускуналар билан жиҳозланган корхонани барпо этиш, жиҳозлаш ва зарур хомашё билан таъминлаш учун 9 миллион евро миқдорида маблағ сарфланган. Бунинг 6 миллион евро миқдоридаги маблағи банк кредити ҳисобидан қопланган.
Корхонага уюштирилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари унинг фаолиятига тегишли яна кўплаб янгиликлар ва ўзига хос “ноу-хау”лар билан яқиндан танишишди.