Маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулот
Жорий йилда Тошкент вилоятидаги ўн учта корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида 39 лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот, жумладан, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Жорий йилда Тошкент вилоятидаги ўн учта корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида 39 лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот, жумладан, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Президентимиз раҳнамолигида экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперацияни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 февралда қабул қилинган 2014-2016 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар берилаётгани соҳа ривожига хизмат қилаётир. Техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётган корхоналарда харидоргир, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда.
Буни Бўстонлиқ туманидаги «Lotos gold» Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда бу ерда маҳаллийлаштириш дастури асосида беш турдаги кир ювиш кукунлари ишлаб чиқарилмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган даврида корхонамизда тайёрланган беш минг тоннадан зиёд маҳсулот ички ва ташқи бозордаги доимий мижозларимизга етказиб берилди, – дейди «Lotos gold» раҳбари ўринбосари Улуғбек Қудратов. – Келгусида бу кўрсаткични қарийб икки баробар ошириш режалаштирилган.
Бир юз ўттиз нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг 60 фоизи маҳаллийлаштирилган. Кейинги йил бу кўрсаткич янада юқори бўлиши кутилмоқда.
Тошкент вилояти иқтисодиёт бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг ўтган даврида Зангиота, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларидаги «Hi-tech kabel», «Neogalenpharm», «Uzgermed pharm» каби корхоналарда 60 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган. Унинг бир қисми ички бозорга сотилган бўлса, маълум фоизи чет давлатларга экспорт қилинди.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича янги лойиҳалар Чиноз, Ўрта Чирчиқ, Паркент, Оҳангарон, Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳамда Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида ҳам амалга оширилмоқда.