Маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ўқув-семинар
Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади.
Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биринчи мажлисидаги маърузасида билдирган депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувлари ва ҳудудларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тизимли ўқувини ташкил этиш амалиётини жорий этиш таклифининг амалдаги ифодаси сифатида бу каби чоралар депутатлар фаоллигини тубдан ошириш ва ваколатларидан кенг фойдаланиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.
Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида депутатлар учун туркум ўқув машғулотларини ўтказиб бориш ҳам анъана тусига кирди.
Мазкур йўналишдаги туркум семинар-тренингларнинг навбатдагиси 2020 йилнинг 2-3 ноябрь кунлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар иштирокида ташкил этилди. Мазкур тадбирда 20 нафар депутат бевосита, 80 нафарга яқин депутат эса онлайн тарзда иштирок этди.
“Қонун ижросини таъминлаш ва жамоатчилик назорати соҳасида маҳаллий Кенгаш депутатларининг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги семинар-тренингда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари ҳамда Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари иштирок этишди.
– “Тараққиёт стратегияси” маркази ва USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигидаги туркум ўқув машғулотларининг бу галгиси маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида ўтказилмоқда, – дейди Э.Туляков. – Маълумки, бугунги кунда депутатларга қўшимча вазифа, масъулият ва имкониятлар тақдим этилмоқда. Ўз навбатида, депутатлар ҳукумат кўтараётган, халқни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда янада фаол бўлиши ва зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши лозим.
Халқни ташвишга солаётган муаммоларни турли даражадаги раҳбарларга олиб чиқиш депутатдан билим, тажриба ҳамда нотиқлик қобилиятини талаб этади. Мазкур семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад маҳоратли, тажрибали тренерларни жалб қилган ҳолда барча даражадаги депутатларнинг билим ва малакасини ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг фаолияти самарадорлигини бугунги замон талаблари даражасида ташкил этиш ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.
Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин улар депутатлик фаолиятини қандай олиб бориши бўйича алоҳида ўқитилмайди. Бу борада халқ ноиблари ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади. Бундай семинар-тренинглар эса, депутатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фаолият самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув машғулотлари давомида маҳаллий Кенгашлар депутатларига тажрибали тренерлар томонидан қизиқарли сессиялар ўтказилди.
Семинар-тренингда, депутатларнинг ўзлари ҳам фаол иштирок этишди. Баҳс-мунозаралар, муҳокамалар уюштирилди. Тадбир якунида ҳар бир депутат ўз билими ва кўникмасини қандай оширгани юзасидан тақдимот ўтказди.

